Ссылки доступа

Қирғизистондаги намойишлар вақтида жароҳатланган шахс 6 октябрга ўтар кечаси вафот этди


Бишкекдаги тўқнашувлардан сўнг 6 октябрга ўтар кечаси жароҳатланган шахс вафот этди. Қирғизистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот маркази жароҳатланган инсонни «Осиё миллатига мансуб номаълум шахс» дея маълумот берган. Хабар қилинишича, у бошидан қаттиқ жароҳат олган.

Вазирлик маълумотларига кўра, жами бўлиб, 6 октябрь куни эрталаб соат 8 га қадар 590 нафар фуқарога тиббий ёрдам кўрсатилди, улардан 439 нафари бирламчи тиббий ёрдам кўрсатилгандан сўнг амбулатория даволанишига юборилди.

150 жабрланувчи касалхонага ётқизилган, улардан 13 нафари реанимацияда. Беморлар Бишкек Травматология ва Ортопедия илмий-тадқиқот марказида, Миллий касалхонада, 1-сонли шаҳар клиник касалхонасида, шунингдек, Чуй вилоят касалхонасида ва Миллий жарроҳлик марказида жойлаштирилган.

Ижтимоий тармоқларда жабрланганлар орасида врачлар, хусусан, Бишкек шаҳрининг тез ёрдам хизмати ходимлари ҳам борлиги хабар қилинди.

Бишкекдаги Ала-Тоо марказий майдонида 5 октябрь куни парламент сайловлари натижаларига қарши муддатсиз митинг бошланди. Иштирокчилар 4 октябрдаги овоз беришни бекор қилишни ва қайта сайланишни талаб қилдилар.

6 октябрь ярим тундан кейин намойишчилар «Оқ уй»ни, шунингдек, Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси ва КТРК биноларини эгаллаб олишди. Эрталабга яқин «Оқ уй»га яқин жойда ёнғин чиқди ва бир қатор сиёсатчилар қамоқдан озод қилинди.

Мамлакат Президенти Сооронбай Жеэнбеков ушбу воқеалар билан боғлиқ равишда сиёсий кучлар мамлакатда «тинчлик ва барқарорликни» сақлаб қолишига умид билдирди. Ва унинг матбуот котиби Толгонай Стамалиева, давлат раҳбари вазиятни назорат қилади ва «мамлакатни қонуний каналга қайтариш учун барча саъй-ҳаракатларини йўналтиради», деб ишонтирди. Жеэнбековнинг қаердалиги номаълум, аммо унинг матбуот котиби илгари унинг мамлакатда эканлигига ишонтирган эди.

4 октябрда бўлиб ўтган 120 ўринли парламентга сайловларда 16 партия иштирок этди. Дастлабки маълумотларга кўра, улардан тўрттаси етти фоиз тўсиқни енгиб ўтишди. Булар ҳукуматга яқин Биримдик ва Мекеним Қирғизистон, шунингдек марказчи «Қирғизистон» ва мухолифатдаги «Бутун Қирғизистон» партиялари. Сайловларнинг расмий натижалари 24 октябргача эълон қилиниши кутилмоқда.

XS
SM
MD
LG