Ссылки доступа

Қирғизистон Марказий сайлов комиссияси парламент сайловларида овоз бериш натижаларини бекор қилди


Бугун, 2020 йил 6 октябрда Қирғизистон Республикаси Сайлов ва референдумларни ўтказиш бўйича Марказий комиссияси 2020 йил 4 октябрда бўлиб ўтган Қирғизистон Республикаси Жўқорғу Кенгашига сайловларда овоз бериш натижаларини бекор қилди.

Бу ҳақда мамлакат Марказий сайлов комиссияси матбуот хизмати хабар берди.

Маълумотни Facebookдаги саҳифасида Марказий сайлов комиссияси аъзоси Гулнора Джурабаева тасдиқлади.

Унинг сўзларига кўра, ўзини ўзи тарқатиб юбориш масаласи ҳам муҳокама қилинган. «Менимча, ушбу сайлов кампанияси билан биз ўзимизни обрўсизлантирдик, шунинг учун бу ҳолатда энг яхши ва энг тўғри қарор муддатидан олдин истеъфога чиқиш тўғрисида қарор қабул қилиш бўлади», деди Гулнора Журабаева.

5 октябрь куни Бишкекдаги «Ала-Тоо» марказий майдонида парламент сайловлари натижаларига қарши муддатсиз митинг бошланди. Иштирокчилар 4 октябрдаги овоз беришни бекор қилишни ва қайта сайланишни талаб қилдилар.

Кечки соат 21.00га яқин якка тартибдаги намойишчилар «Оқ уй»нинг жанубий томонидаги Чуй хиёбонига қарайдиган эшикларни бузиб ташладилар. Бир неча дақиқадан сўнг ўқ овозлари янгради. Полиция митингни махсус ускуналар ёрдамида тарқатишни бошлади. Аввал хавфсизлик кучлари намойишчиларни Ала-Тоо майдони ва «Оқ уй» биносидан бутунлай сиқиб чиқарди, кейин намойишчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари ўртасида тўқнашувлар бўлган баъзи кўчаларда тазйиқлар давом этди. 6 октябрь ярим тундан кейин намойишчилар «Оқ уй»ни, шунингдек, Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси ва КТРК биноларини эгаллаб олишди.

Мамлакат президенти Сооронбай Жеэнбеков ушбу воқеалар муносабати билан 6 октябрь куни қирғиз халқига мурожаат қилиб, «тунда баъзи сиёсий кучлар ҳокимиятни ноқонуний равишда эгаллаб олишга уринишганини» таъкидлади. «Мен сиёсий партиялар етакчиларига ўз тарафдорларини тинчлантиришни ва уларни ўзларини жамланган жойларидан қайтариб олишни таклиф қиламан ... Мен барча кучларни мамлакат тақдирини сиёсий амбицияларидан устун қўйишга ва қонуний каналга қайтишга чақираман», деди давлат раҳбари.

XS
SM
MD
LG