Ссылки доступа

39 мамлакат БМТда Шинжон ва Гонконгдаги инсон ҳуқуқларининг бузилиши юзасидан «жиддий хавотирда»лигини билдирди


Бирлашган Миллатлар Ташкилотига аъзо 39 давлат Шинжон ва Гонконгдаги сиёсати учун Хитойни қаттиқ танқид остига олишди.

Германиянинг ушбу ташкилотдаги элчиси Кристоф Хюзген номидан қилинган баёнот асосан Европа давлатлари, шунингдек АҚШ, Австралия, Япония, Канада, Янги Зеландия ва бошқа давлатлар томонидан қўллаб-қувватланди.

Ҳужжат, хусусан, «Шинжонда» сиёсий қайта тарбиялаш «лагерлари» тармоғининг мавжудлигидан ва бу минтақада «инсон ҳуқуқларини қўпол равишда бузилишидан» жиддий ташвиш билдирмоқда.

“Дин ёки эътиқод эркинлиги, ҳаракат эркинлиги, уюшиш ва фикр билдириш эркинлиги ҳамда Уйғур маданияти бўйича жиддий чекловлар мавжуд. Уйғурлар ва бошқа озчиликларни кенг кўламли кузатувлар давом этмоқда, мажбурий меҳнат ва туғилишни мажбурий назорат қилиш, шу жумладан стерилизация тўғрисида хабарлар кўпаймоқда ", - дейилади ҳужжатда.

Шу сабабли БМТга аъзо давлатлар Хитойни «мустақил кузатувчилар, шу жумладан БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий Комиссари ва унинг маъмурияти учун Шинжонга зудлик билан, тўлиқ ва тўсиқсиз киришни таъминлашга» ва «уйғурлар ҳамда бошқа озчиликларни ўзбошимчалик билан ҳибсга олишдан тийилишга» чақирган. Бундан ташқари, давлатлар Пекинга «Гонконгда мухторият, ҳуқуқ ва эркинликларни сақлашга ва [унинг] суд тизимининг мустақиллигини ҳурмат қилишга» чақирган.

Хитой 2017 йилдан бери Шинжонга камида бир миллион уйғур, қозоқ ва бошқа мусулмон миллатига мансуб этник гуруҳларни юборгани учун халқаро айбловларга дуч келмоқда. Пекин ушбу муассасаларни экстремизм ва терроризмга қарши курашиш учун яратилган «таълим марказлари» ва «касбга ўқитиш» деб атайди.

Расмийлар туркий этник гуруҳлар ўртасида туғруқни мажбурий равишда аборт қилиш ва стерилизация қилиш каби усуллар билан туғилишни мажбуран камайтириш сиёсатини олиб бормоқда, деган айбловларга жавобан Пекин Шинжонда туғилиш даражасининг пасайишини тан олди ва буни «туғилишни назорат қилишнинг самарали сиёсати» билан изоҳлади.

Аввалроқ, АҚШ Шинжонда инсон ҳуқуқларини бузгани учун бир қатор Хитой вакиллари ва ташкилотларига қарши санкцияларни жорий қилган эди. Шунингдек, Вашингтон маълум маҳсулотни ишлаб чиқариш учун мусулмонларнинг мажбурий меҳнати ишлатилган деб даъво қилиб, АҚШдан минтақадаги бешта компаниядан товарларни олиб киришни тақиқлади. Худди шу даврда 20 та инсон ҳуқуқлари гуруҳлари БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашини Шинжондаги вазиятни текширишга чақиришди.

Хитой барча айбловларни рад этади. Пекин Шинжонда мусулмонларга нисбатан олиб борилаётган сиёсатни мамлакатнинг ички ишлари деб атайди ва БМТ вакиллари ва Ғарб кузатувчиларининг минтақага ташриф буюришига йўл қўймайди.

Кўпгина экспертлар халқаро ҳамжамиятни ва БМТни Шинжонда маҳаллий аҳоли ҳуқуқлари бузилиши билан боғлиқ «ҳаракатсизлик» учун танқид қилмоқда.

XS
SM
MD
LG