Ссылки доступа

Тошкентда 56 ёшли эркакни калтаклаган Олмалиқ ҳокимининг ўғлига нисбатан тергов қайта тикланди


Маҳаллий матбуотнинг Бош прокуратурадан олинган маълумотга таяниб хабар беришича, Тошкентда 56 ёшли эркак ва унинг ўғлини калтаклаган Олмалиқ шаҳар ҳокими Усмон Раҳимовнинг ўғли Дилшод Исмоиловга нисбатан тергов ҳаракатлари қайта тикланди.

Бош прокуратуранинг билдиришича, ҳокимнинг ўғли ва шерикларига 2020 йилнинг 11 июнида қўзғатилган жиноят иши пандемия сабабли вақтинча тўхтатилганди.

“Мазкур жиноят иши бўйича 2020 йилнинг 29 сентябрь куни дастлабки тергов тикланган. Айни пайтда Яккасарой тумани ИИО ФМБ томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда”,-дейилади хабарда.

Олмалиқ шаҳар ҳокими Усмон Раҳимовнинг ўғли Дилшод Исмоилов 28 май куни Тошкент шаҳри, Яккасарой туманида 20 ёшли Мирбосит М., 19 ёшли Элмурод Д., 20 ёшли Ҳумоюн А. билан безорилик қилиб, 56 ёшли Шавкат М. ва унинг 30 ёшли ўғли Лазиз М.га тан жароҳатлари етказган. Бу борадаги видео ижтимоий тармоқларда кенг тарқалган эди.

Аввалроқ Дилшод Исмоилов Тошкентда соатига 150 километр тезликда машина ҳайдаган ва буни видеога олиб, ижтимоий тармоқларга тарқатганди. Бу ҳаракати учун у жаримага тортилган.
XS
SM
MD
LG