Ссылки доступа

Президент “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари” тузишга кўрсатма берди


Uzbekistan - an uzbek woman

Президент Шавкат Мирзиёев 8 октябрь куни ўтган видеоселектор йиғилишида ҳар бир маҳалла, туман, шаҳар ва вилоят кесимида “ёшлар дафтари” ва “аёллар дафтари”ни тузиш ҳақида кўрсатма берди.

“Бу рўйхатлар “темир дафтар”дан алоҳида бўлади. Унга ижтимоий, ҳуқуқий, психологик қўллаб-қувватлашга, билим ва касб ўрганишга эҳтиёжи ва иштиёқи бор бўлган ишсиз ёшлар ва хотин-қизлар киритилади. Бунинг натижасида улар билан тизимли, манзилли иш йўлга қўйилади”, - дейилади президент матбуот химзати расмий хабарида.

Бу ишларга “Маҳалла ва оила” илмий-тадқиқот институти, Ёшлар муаммоларини ўрганиш ва истиқболли кадрларни тайёрлаш институтининг салоҳияти сафарбар этилади.

Бундан ташқари, аҳолини тадбиркорликка ўқитиш ва микромолиявий хизматлар кўрсатишдан иборат комплекс дастурларни амалга ошириш учун нодавлат нотижорат ташкилотларга йиллик 4 фоиз ставкада қарз маблағлари ажратилади.

Хабарда айтилишича, аёллар ва ёшлар билан ишлашда мутлақо янги тизим жорий қилинади. Нодавлат касб-ҳунар таълими марказлари орқали ёшлар ва аёлларда касбий кўникмаларни шакллантириш, уларни молиявий қўллаб-қувватлашга Тикланиш ва тараққиёт жамғармасидан 100 миллион доллар миқдоридаги маблағ йўналтирилади.

Бу маблағнинг 10 миллиони ёшлар ва хотин-қизларни касб-ҳунарга ўқитишга, 90 миллиони эса ўқув курсларини тамомлаб, сертификат олганларга имтиёзли кредитлар ажратиш учун сарфланади.

“Ижтимоий шартнома” орқали нодавлат касб-ҳунар ўқув курсларини битирадиган ёшлар ва аёлларга таълим харажатлари учун 1 миллион сўмгача субсидия берилади.

XS
SM
MD
LG