Ссылки доступа

Имомали Раҳмон яна 7 йилга Тожикистоннинг раҳбари бўлиб қолмоқда (видео)


Эмомали Рахмон
Эмомали Рахмон

Тожикистонни 1992 йилдан бери бошқариб келаётган Эмомали Раҳмон якшанба кунги президентлик сайловларида деярли 91 фоиз овоз тўплади.

Тожикистон МСК раиси Бахтиёр Худоёрзоданинг 12 октябрь куни Душанбедаги матбуот анжуманида айтишича, овоз беришда 4,2 миллионга яқин сайловчи қатнашган, бу умумий сайловчиларнинг 85,4 фоизини ташкил этади. Унинг қўшимча қилишича, сайловларда жиддий қонунбузарликлар ҳақида хабар йўқ.

Бу аллақачон бешинчи президентлик сайлови бўлган Рахмондан ташқари, унда яна тўртта номзод қатнашган: Тожикистон аграр партияси раҳбари Рустам Латифзода, социалистик партия раҳбари Абдухалим Ғаффорзода, иқтисодий ислоҳотлар партияси раҳбари Рустам Рахматзод ва коммунистлар раҳбари Мирож Абдуллоев. Расмий дастлабки маълумотларга кўра, улар учдан бир фоизгача овоз олган.

Чет элда жойлашган мухолифат гуруҳлари бирлашмаси бўлган Тожикистон Миллий Альянси президент сайловларини ноқонуний деб атади ва халқаро ташкилотларни уларнинг натижаларини тан олмасликка чақирди.

Имомали Раҳмон 1994 йилдан буён Тожикистонда бўлиб ўтган барча президентлик сайловларида ғалаба қозонган, бундан олдин у мамлакатни икки йил давомида Олий Кенгашнинг бошида бошқарган. Тожикистон қонунчилигига кўра, битта шахс икки муддатдан ортиқ президент бўлиш ҳуқуқига эга эмас. Бироқ, 2016 йилда мамлакат Конституцияга тузатишлар киритилди, бу Имомали Раҳмонни миллат лидери деб тан олди ва уни чексиз кўп марта сайланишига имкон берди.

Яқинда Раҳмон 68 ёшга тўлди. Тожикистонда Имомали Раҳмон шахсига сиғиниш мавжуд. Апрель ойида Тожикистон Президентининг тўнғич ўғли Рустам Имомали парламентнинг юқори палатаси раиси бўлди. Шундай қилиб, 32 ёшли Имомали Тожикистонда иккинчи шахсга айланди. Президент вафот этган, истеъфога чиқарилган ёки қобилиятсиз бўлган тақдирда, у мамлакатни кейинги сайловларга қадар бошқаради. 2016 йилдан бери президентнинг қизи Озода Раҳмон президент маъмуриятини бошқариб келмоқда.

Human Rights Watch ҳисоботига кўра, мамлакат расмийлари мухолифатни, журналистларни ва уларнинг яқинларини таъқиб қилмоқда, мамлакатда сўз эркинлиги йўқ, аҳоли орасида диний ҳуқуқлар бузилмоқда. Халқаро кузатувчиларга кўра, Тожикистонда ўтказилган бирон бир сайлов демократик, ошкора ва халқаро стандартларга жавоб бермаган.

XS
SM
MD
LG