Ссылки доступа

Мирзиёев Раҳмонни президент сайловидаги ғалабаси билан қутлади


Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Тожикистон президенти Эмомали Раҳмонни 11 октябрь куни бўлиб ўтган президент сайловидаги ғалабаси билан телефон орқали табриклади.

Президент матбуот хизмати маълумотига кўра, мулоқот чоғида Ўзбекистон-Тожикистон дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари кўриб чиқилган.

Давлат раҳбарлари ўртасида эришилган келишувларни ўз вақтида амалга ошириш, Ҳукуматлараро комиссия қарорларини бажариш ҳамда бўлажак олий даражадаги учрашувлар учун янги кун тартибини ишлаб чиқиш муҳимлиги алоҳида таъкидланган.

Суҳбат чоғида президентлар Қозоғистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон давлат раҳбарларининг Қирғизистондаги вазият юзасидан қўшма баёноти қабул қилинганини мамнуният билан қайд этганлар.

Мулоқот сўнгида Ўзбекистон билан Тожикистон ўртасидаги узоқ муддатли ва кенг кўламли ҳамкорликни ривожлантиришга иккала томоннинг ҳам интилиши қатъий экани таъкидланган.

Тожикистон МСК якшанба куни бўлиб ўтган президентлик сайловида Эмомали Раҳмон ғалаба қозонгани эълон қилингани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилган.

Дастлабки натижаларга кўра, Эмомали Раҳмон учун сайловда қатнашганларнинг 90,92 фоизи овоз берган. Бу эса Э. Раҳмоннинг президентлик курсисида яна 7 йил қолишини англатади.

XS
SM
MD
LG