Ссылки доступа

Минскдаги норозилик намойишларининг тарқалиши: ўнлаб одам жароҳатланган, 500 киши ҳибсга олинган (видео)


Минск, 11 октября
Минск, 11 октября

11 октябрь куни Белоруссиядаги намойишларда 586 киши, шу жумладан Минскда 500 киши ҳибсга олинган. Ҳибсга олинганлар орасида норозилик акцияларини ёритган 40 дан ортиқ журналист ва фотосуратчилар ҳам бор. Бу ҳақда “Виасна” инсон ҳуқуқлари маркази хабар беради.

Минскда бу сафар «Мағрурлик марши» номи остида ўтказилган анъанавий якшанба куни бўлиб ўтган мухолифат маршининг иштирокчиларига қарши сув тўплари, енгил шовқин чиқарувчи гранаталар, қалампир гази ва калтаклар ишлатилган. Бунга жавобан полицияга исёнчилар тошлар ва бутилкаларни улоқтиришди. Акцияни «Настоящее время» телеканали жонли эфирда намойиш этди.

Гувоҳлар ўнлаб қурбонлар ҳақида хабар беришмоқда.

Икки ойлик намойишларда биринчи марта полиция Минскдаги якшанба маршига шунчалик қаттиқ тўсқинлик қилди. Ижтимоий тармоқларда ва Белоруссия мустақил оммавий ахборот воситаларида полициячиларнинг зўравонлик ҳаракатларининг кўплаб фотосуратлари ва видеоклиплари тарқалган.

Намойишчилар, шунингдек, Белоруссиянинг бошқа шаҳарлари: Брест, Витебск, Могилев, Гродно, Молодечно, Жлобин, Кобрин ва Бобруиск шаҳарларида тарқатилиб, ҳибсга олинган.

Расмийларнинг қаршиликларига қарамай, минглаб одамлар бир неча гуруҳларда шаҳар бўйлаб юришга муваффақ бўлишди. Якшанба кунлари одатдагидек Минск маркази ёпиқ эди. Бугунги норозилик акцияси ҳажми ҳақида ҳозирча маълумот йўқ.

Шанба куни Минскда «Сиёсий репрессияларга қарши гуллар билан оммавий аёллар демарши» акцияси бўлиб ўтди. Унда иштирок этган юзлаб аёллар гулдасталар билан Мустақиллик хиёбони бўйлаб юришди.

9 август куни бўлиб ўтган президентлик сайловларида кетма-кет олтинчи муддатга сайланган Александр Лукашенконинг ғалабасидан сўнг Белоруссияда кунлик оммавий норозилик намойишлари бошланди. Юзтадан икки юз минггача одам иштирок этааётган оммавий акциялар якшанба кунлари ўтказилади. Намойишчилар ҳукуматни митинглар иштирокчиларига нисбатан мисли кўрилмаган фирибгарликда ва шафқатсизликда айблаб, Лукашенканинг истеъфосини ва қайта сайловни талаб қилмоқда. Намойишларни бостиришда камида тўрт киши ўлдирилган, олти киши бедарак йўқолганлар рўйхатига киритилган, қурбонлар ва ҳибсга олинганларнинг аниқ сони ҳанузгача номаълум, аммо уларнинг сони минглаб эканлиги айтилади.

Европа Иттифоқи мамлакатлари ва Қўшма Штатлар сайловларнинг қонунийлигини тан олмасликларини таъкидладилар. Россия сайловларни тан олди ва зиддият авж олган тақдирда Лукашенкага ёрдам беришни, шу жумладан ҳарбий куч билан ҳам ёрдам беришга ваъда берди. Белоруссия Президентининг ўзи махфий инаугурацияни ўтказди, бу эса рақибларининг норозилигини янада оширди.

Шанба куни Лукашенко Минскдаги КГБ ҳибсхонасида бўлиб, у эрда собиқ президентликка номзод Виктор Бабарико ва ҳибсга олинган бошқа рақиблар билан учрашди. Суҳбат иштирокчилари орасида Виктор Бабариконинг ўғли Эдуард, Белоруссия оппозициясининг Мувофиқлаштирувчи кенгаши аъзоси Лилия Власова, тадбиркор Юрий Воскресенский ва сиёсий стратег Виталий Шкляров ҳам бор эди. Лукашенка бир неча соат давомида мухолифат билан нима ҳақида суҳбатлашгани ҳали маълум қилинмади.

XS
SM
MD
LG