Ссылки доступа

Британия музейи Шоҳи Зиндадан ўғирланган кошинларни Ўзбекистонга қайтаради


Маҷмааи мақбараи Шоҳи Зинда. Соли 2016

Британия музейи Самарқанддаги Шоҳи Зинда мажмуасидан ўғирланган олтита кошин партиясини Ўзбекистонга қайтади. Мазкур кошинлар Лондоннинг Хитроу аэропортида контрабанда маҳсулоти сифатида шу йил январь ойида мусодара этилган. Бу ҳақда The Guardian газетаси хабар қилди.

Қайд этилишича, сафар ҳужжатларида кошинлар Бирлашган Араб Амирликларининг Шаржа шаҳридан 315 дирҳамга (тақрибан 86 доллар) харид қилингани ва сотиш учун мўлжаллангани декларация қилинган.

Кошинларни мусодара қилган Буюк Британия чегара хизмати вакиллари уларнинг ҳақиқий ёши ва қайси мамлакатга тегишли эканини аниқлаш учун Британия музейига мурожаат қилган.

Мутахассислар билан маслаҳатлашилганидан кейин кошинлар XIII аср охирлари ва XIV аср ўрталарига оид ҳамда Самарқанддаги Шоҳи Зинда ёдгорлик мажмуасига тегишли, деган хулосага келинган.

Бу борада далиллар келтирилгач, кошинларни импорт қилувчи эгалик ҳуқуқини талаб қилмаган. Кошинлар мусодара қилиниб, кейинчалик Ўзбекистонга репатриация қилиш учун Британия музейига топширилган.

Ўзбекистон Маданият вазирлиги ушбу кошинларни 2020 йил декабрь ойида Британия музейида намойиш этишга рози бўлган. Вазирлик Британия музейи ходимлари ва олимларга амалга оширилган иш учун миннатдорлик билдирган.

Айни пайтда Маданият вазирлигининг Озодлик билан суҳбатлашган айрим вакиллари мазкур кошинларнинг Шоҳи Зинда мажмуасидан олинганига 100 фоиз исботланган эмаслиги, шунинг учун ҳозирча ҳеч кимни “ўғри” деб аташга асос йўқлиги, биров айбдор бўлганда ҳам, буни суд аниқлаши лозимлигини айтганлар.

Қайд этилишича, сўнгги ўн йил ичида Британия музейи Ироқ, Афғонистон, Ўзбекистон ва бошқа мамлакатларга 2500 дан ортиқ буюмларни қайтаришга ёрдам берган. Дейлик, 2017 йилда Британия музейи Бухородаги Чашмаи Аюб мақбарасидан ўғирланган кошинларни аниқлаш ва муваффақиятли олиб келишда ёрдам берган. Ўзбекистон тергов органлари томонидан текширув ўтказилганидан сўнг ушбу ўғриликда иштирок этган шахслар жазоланган. Ҳозирда ушбу кошин Тошкентдаги Давлат санъат музейида сақланмоқда.

XS
SM
MD
LG