Ссылки доступа

“Жаслиқ”нинг собиқ маҳкуми давлатдан 60 миллион сўм товон пули ундирди - у ҳукмдан норози


Ўзбекистон маҳкамаси мамлакат суд тизими тарихида илк бор сиёсий айблар билан қамалган шахснинг давлатдан моддий ва маънавий зарар ундириш ҳақидаги даъвосини қисман қондирган.

9 октябрь куни фуқаролик ишлари бўйича Қашқадарё вилоят суди қийноқлар билан ном чиқарган “Жаслиқ” қамоқхонасининг собиқ маҳкуми Чўян Маматқулов фойдасига 60 миллион сўм миқдорида моддий ва маънавий зарар тўлаш ҳақида ажрим чиқарди.

Собиқ сиёсий маҳкум адолатсиз судлов ва қийноқлар натижасида ўзига етказилган зарарни қоплаш учун 500 миллион сўм миқдорида товон пули талаб қилган эди.

Маматқуловнинг сўзларига кўра, товон пулининг камлиги пандемия боис “давлат ғазнаси қашшоқлашиб қолгани” билан изоҳланган.

“Вилоят Молия бошқармаси вакилига кўра, гўё пандемия туфайли давлат ғазнаси қашшоқлашиб қолганмиш. Юқори инстанция судларида курашни давом эттираман”, - деди Маматқулов.

Қашқадарё вилоятининг Косон туманида истиқомат қилувчи Ўзбекистон қуролли кучлари собиқ зобити¸ ҳуқуқ фаоли Чўян Маматқулов фуқаролик ишлари бўйича Қарши туманлараро судига даъво аризаси киритганди.

Ўз аризасида 50 яшар Маматқулов умрининг 6 йилини "Жаслиқ"да азоб-уқубатда ўтказгани ортидан етказилган маънавий зиëнни қоплаш учун ўзини ноҳақ қамаган тизимлардан 500 миллион сўм товон пули ундирилишини сўраган.

Ҳуқуқ фаоли ўз аризасида товон пулининг Қашқадарё вилоят прокуратураси, Қашқадарё вилоят ИИБ, Қарши шаҳар ИИБ мувофиқлаштириш бошқармаси ҳамда Қарши шаҳар Молия бўлимидан ундиришни сўраган.

Ўзбекистон Жиноят Кодексининг одам ўғирлаш, конституциявий тузумга тажовуз, фирибгарлик, ҳужжатларни сохталаштириш, гиёҳвандлик сингари қатор бандлари билан жазо муддатини ўтаб чиққач, Чўян Маматқулов Қашқадарё вилоят судининг 2020 йил 18 мартдаги ажрими билан тўлиқ реаблитация қилинган.

Маматқулов 2012 йилнинг 29 августида қамоққа олинган ва Қашқадарё вилояти судининг ҳукми билан 10 йилга қамалган эди. 2018 йилнинг 25 мартида шартли равишда жазо муддати тугашидан аввал озодликка чиқарилган.

2020 йилнинг 18 мартида эса, унга нисбатан қўзғатилган жиноят иши “таркибида жиноят аломатлари топилмагани учун” тўлиқ бекор қилинган.

Ўтган ой "Жаслиқ"нинг яна бир собиқ маҳкуми адолатсиз судлов ва қийноқлар учун давлатдан 208 миллион сўмдан кўпроқ зарар ундириб бериш талаби билан судга даъво аризаси киритган.

Жорий йил 23 сентябридаги даъво аризасида Қашқадарё вилояти Қарши туманида яшовчи 34 яшар Элёр Турсунов “Жаслиқ” қамоқхонасида 7 йил "ноқонуний қамоқ муддати ўтагани" ва қийноққа тутилганини айтган.

Суд ҳукми ва ажримларига кўра, 2013 йил 4 декабрида Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг конституциявий тузумга тажовуз, жамоат хавфсизлигига таҳдид солиш, терроризм ва давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтиш сингари жиноятларда айбланиб, 17 йилга кесилган Турсунов шу йилнинг 18 мартида оқланган.

2016 йилда Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келганидан буён 50 дан зиёд сиёсий маҳкумлар озодликка чиқарилган.

Улар орасида президент Мирзиёев мерос қилиб олган Ислом Каримов бошқаруви даврида қамоққа ташланган сиёсий мухолифат фаоллари, журналистлар ва инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари бор.

Собиқ сиёсий маҳкум Чўян Маматқуловга 60 миллион сўм товон пули тўлаб бериш ҳақидаги маҳкама ҳукми Ўзбекистон ва Европа Иттифоқининг одил судлов ҳамда инсон ҳуқуқларига доир йиғилишидан бир кун ўтиб эълон қилинган.

XS
SM
MD
LG