Ссылки доступа

Тошкент вилоятида хўроз уриштириш ўйинида иштирок этган 124 киши қўлга олинди


Тошкент вилоятининг Ўрта Чирчиқ туманида хўроз ўйинида иштирок этаётган 124 нафар шахс қўлга олинган. Бу ҳақда Тошкент вилояти ички ишлар бош бошқармаси ахборот хизмати маълумот тарқатди.

Қайд этилишича, ички ишлар органлари ходимлари ноқонуний хўроз ўйини ташкил этилган Ўрта Чирчиқ тумани “Ўртасарой” МФЙ ҳудудида жойлашган от фермасига 9 октябрь тунида борганлар.

У ерда 100 нафардан ортиқ фуқаро иштирокида таваккалчиликка асосланган хўроз ўйини ташкил этилганлиги, воқеа жойида карантин қоидаларини қўпол равишда бузилганлиги, шунингдек, ферма ҳовлисида хизмат кўрсатаётган ноқонуний савдо шохобчасида истеъмол учун олиб келинган маҳсулотлар мутлақо санитария қоидаларга жавоб бермаслиги аниқланган.

Тадбир чоғида қўлга олинганларга нисбатан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилган. Ўйин учун олиб келинган хўрозлар далилий ашё сифатида олинган.

Бундан ташқари, ушбу шахслар Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 54-моддасини қўпол равишда бузганликлари учун маъмурий баённомалар расмийлаштирилган.

ИИББ айни пайтда ҳолат юзасидан қўшимча суриштирув олиб борилаётганини билдирган.

XS
SM
MD
LG