Ссылки доступа

Шимолий Қозоғистон вилоятида яна иккита аҳоли пункти карантинга олинди


Шимолий Қозоғистон вилоятида Мамлютка шаҳри ва Эсил туманининг маъмурий маркази Явленка қишлоғи карантин қилинди. Сўнгги икки ҳафта ичида ушбу аҳоли пунктларида ўнлаб одамларга COVID-19 ташхиси қўйилган.

12 октябрь, душанба куни карантин зоналарида блокпостлар ўрнатилди. Кечки соат 10 дан эрталаб 6 гача аҳолининг уйдан чиқиши тақиқланди. Россия билан чегарага яқин жойлашган Мамлютка шаҳрида 100 ўринли карантин касалхонаси очилди. Ҳозирда 58 киши коронавирус учун тест натижаларини кутмоқда.

- Шаҳар 14 кун давомида карантинга олинади. Ушбу қарор минтақада коронавирус инфекциясини юқтириш ҳолатлари кўпайиши муносабати билан қабул қилинган. Илгари бизнес марказлар, дўконлар соат 11 га қадар ишлаган, энди фармонга биноан, улар кечқурун соат 21.00 гача ишлайди. Бироқ, қаттиқ чекловлар мавжуд эмас. Жамоат транспорти ишламайди. Таксида ҳаракатланиш мумкин бўлади. Туман марказида учта мактаб мавжуд бўлиб, улар онлайн ўқитиш тизимига ўтади. ФАқатгина бошланғич синф ўқувчилари анъанавий таълим тизимда мактабларда ўқийдилар. Мактаблар илгаригидек [ўқувчиларга] таълим беришда давом этадилар, — деди Мамлютка шаҳар ҳокимининг ўринбосари Алмагул Рамазонова.

9 октябрда Булаево шаҳри карантин остига олинди. Икки ҳафта ичида бу ерда коронавирус билан касалланган 24 киши аниқланди.

Айни пайтда Петропавловск ва Булаево шаҳри ҳамда Магжан Жумабаев ҳудуди ўртасида йўловчилар ташиш тўхтатилган. Чегара аҳолиси Булаевга уйларидан узрли сабабсиз чиқмаслик буюрилган. Истисно — бу иш жойига бориш ва тиббий ёрдамга мурожаат қилиш. Эрталаб соат 6 дан 22 гача сиз чиқинди олиб чиқишингиз ёки энг яқин дўкон ва дорихонага боришингиз мумкин. 65 ёшдан ошганларга уйдан чиқмаслик тавсия қилинади. Вояга етмаганларга кечки соат 7 дан кейин катталар назорати остида кўчада бўлиш тақиқланади. Шунингдек, уйга меҳмон таклиф қилиш ва дафн маросимларини 30 кишидан ошмаган жамоа билан ўтказиш тақиқланади.

Ўтган кун давомида Шимолий Қозоғистонда коронавирус билан касалланган 11 киши аниқланди. Март ойидан бери минтақада 3 921 кишига коронавирус ташхиси қўйилган, 22 киши вафот этган. Баҳорда ва ёзнинг бошларида вилоят CОВИД-19 касаллиги кам бўлган минтақалар қаторига кирган, аммо сўнгги пайтларда инфекцияланганлар кўпайган.

XS
SM
MD
LG