Ссылки доступа

Хитой Циндао шаҳридаги барча фуқароларни COVID-19 учун тест синовидан ўтказади


Хитойнинг Циндао порт шаҳри маъмурлари ҳафта охирига қадар тўққиз миллион аҳолининг барчасини коронавирусга текширишни режалаштираётганини эълон қилди.

Тахминан икки ой ичида ички юқтиришнинг биринчи ҳолатлари рўйхатдан ўтказилгандан сўнг расмийлар ушбу баёнот билан чиқишди. Оммавий синовлар коронавирус пандемиясининг биринчи ойларига нисбатан Хитойда касалланишнинг пасайиши фонида амалга оширилмоқда. Унинг авж олиши ўтган йилнинг охирида Хитойнинг Ухан шаҳрида қайд этилган.

Хитой ҳукумати аввалроқ мамлакатда август ойининг бошидан бери юқтириш ҳолатлари қайд этилмаганлигини айтган эди. Бироқ, мутахассислар илгари Хитой расмийларининг ҳисоблаш усулини танқид қилишган, унга кўра асемптоматик ҳолатлар алоҳида ҳисобланади ва тасдиқланган ҳолатлар сонига киритилмайди.

Хитойнинг хабар беришича, 12 октябрь куни Циндаода 12 та юқтириш ҳолати қайд этилган, бу эса ташқаридан юқтирилган ҳолатларни касалхонада даволаш билан боғлиқ. Циндао маъмурияти ўпка клиникасини ҳамда марказий касалхонанинг шошилинч ёрдам бўлимини ёпганини айтди. Инфекция тарқалишининг олдини олиш чораси сифатида юқтирганлар яшайдиган бинолар ҳам тўсиб қўйилган.

Илгари Ухан ҳукумати шаҳарнинг бутун аҳолисини тест синовидан ўтказган ва миллионлаб намуналар Пекин ҳамда Урумчида касалликнинг кичик авж олишидан кейин ҳам синовдан ўтган. Аҳолини оммавий синовдан ўтказиш амалиёти Хитойга вирус тарқалишини олдини олишга ёрдам берди ва аксарият ҳолларда нормал ҳаётга қайтишга имкон берди. Ушбу ойнинг бошида «Олтин ҳафта» тантаналари пайтида ўн миллионлаб одамлар мамлакат бўйлаб саёҳат қилиш имкониятига эга бўлдилар.

XS
SM
MD
LG