Ссылки доступа

Қирғизистон парламенти Садир Жапаровни Бош вазир этиб сайлади


Садир Жапаров.

Жўқорғи Кенгес навбатдаги мажлисида Садир Жапаров ҳукуматининг дастури, тузилиши ва таркибини тасдиқлади.

Депутатлар олдида нутқ сўзлаган Садир Жапаров янги ҳукумат дастурини кейинроқ Жўқорғи Кенгесга тақдим этишини айтди. У ҳали ҳам аввалги ҳукумат дастурини таништираётганини таъкидлади. Дастур тузилиши ҳам ўзгаришсиз қолди. Аммо вазирлар кабинетининг таркиби деярли тўлиқ янгиланди.

Ҳукумат таркиби: Бош вазирнинг биринчи ўринбосари — Артем Новиков; Бош вазир ўринбосари — Равшан Собиров; Бош вазир ўринбосари — Мақсат Мамитканов; Бош вазир ўринбосари — Аида Исмоилова; Ташқи ишлар вазири — Руслан Казакбаев; Адлия вазири — Марат Жаманқулов; Ички ишлар вазири — Улан Ниёзбеков; Молия вазири — Кйялбек Мукашев; Иқтисодиёт вазири — Санжар Муканбетов; Қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат саноати ва мелиорация вазири — Эркинбек Чодуев; Транспорт ва йўллар вазири — Бақит Бердалиев; Фавқулодда вазиятлар вазири — Бообек Ажикеэв; Таълим ва фан вазири — Алмазбек Бейшеналиев; Соғлиқни сақлаш вазири — Алймкадйр Беишеналиев; Маданият, ахборот ва туризм вазири — Нуржигит Қодирбеков; Меҳнат ва ижтимоий ривожланиш вазири — Улукбек Қўчқоров; вазир даражасига эга бўлган ҳукумат аппарати раҳбари — Бақит Аманбаев; Саноат, энергетика ва ер ости бойликларидан фойдаланиш давлат қўмитаси раиси — Жйргалбек Соғинбоев; Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш давлат қўмитаси раиси — Олтинбек Исмоилов.

Аввалроқ Садир Япаров буйруқ имзолаган бўлиб, унга кўра Соғинбек Абдилдаев иқтисодий жиноятчиликка қарши кураш бўйича давлат хизмати (молия полицияси) раиси, Аскат Эгембердиев эса Жазони ижро этиш давлат хизмати раиси этиб тайинланди. Олтинбек Торутаев Давлат божхона хизмати раиси лавозимидан озод этилди, Элнура Мамбетжунушева янги раҳбар этиб тайинланди. Ҳукумат матбуот хизмати хабарига кўра, қарор Матраимовлар оиласининг «фарзандларини» божхона органларида ишлашдан четлаштириш ва улар томонидан ўрнатилган коррупция схемаларини йўқ қилиш мақсадида қабул қилинган.

Жўқорғи Кенгеснинг қарорлари президент девонига юборилади. Ҳукумат давлат раҳбари томонидан тегишли фармон имзолангандан кейин тайинланган ҳисобланади.

14 октябрь куни эрталаб Қирғизистон Республикаси Президенти Сооронбай Жээнбеков янги сайланган Жўқорғи Кенгес спикери Канат Исаевга хат билан мурожаат қилгани маълум бўлди. Унда айтилишича, 10 октябрь куни Бош вазир номзоди Содир Жапаров томонидан таклиф қилинган Жўқорғи Кенгеснинг дастурини тасдиқлаш, ҳукумат тузилиши ва таркибини белгилаш тўғрисидаги қарорлари президент аппарати томонидан қонунлар бузилганлиги сабабли парламентга қайтарилган. Жээнбеков ушбу масалани Жўқорғу Кенгеснинг навбатдаги мажлисида белгиланган тартибда кўриб чиқишни таклиф қилди.

Эслатиб ўтамиз, 10 октябрь куни депутатлар навбатдан ташқари йиғилишга йиғилиб, Садир Жапаров ҳукуматининг дастури, таркиби ва тузилишини тасдиқладилар. Бироқ, шундан сўнг дарҳол баъзи депутатлар, сиёсатчилар ва ҳуқуқшунослар йиғилишда кворум йўқлиги, шу сабабли қарор ноқонуний эканлигини айтишди. Ўз навбатида, Жапаровнинг тарафи унинг қонуний равишда сайланганлигини таъкидлашди. Вице-спикер Мирлан Бакиров ҳукумат дастури, таркиби ва тузилишини тасдиқлаш тўғрисида фармон имзолади ва Президент девонига юборди. Аммо Сооронбай Жээнбеков тайинлаш тўғрисидаги фармонга имзо чекмади ва йиғилишда кворум йўқлигини ҳисобга олиб, ҳужжатларни Жўқорғи Кенгесга қайтариб берди.

XS
SM
MD
LG