Ссылки доступа

Ўзбекистонда ишлаб чиқариши бошланган "Ремдесивир" дорихоналардан аввал "қора бозор"га чиқди


Коронавирус беморларини даволашда энг самарали восита бўлиб қолаётган “Ремдесивир” препарати сентябрь ойидан бошлаб Ўзбекистонда ишлаб чиқарила бошланди.

Дунё бозорида бир флакони 390 дан 70 АҚШ долларигача бўлган бу инъекциянинг Ўзбекистондаги нархи 550 минг ўзбек сўми, тақрибан 50 АҚШ доллари қилиб белгиланди.

Бу препаратни ишлаб чиқараётган JURABEK LABORATORIES ширкати ҳозирча давлат буюртмасини бажараётгани, тез орада бу препарат дорихоналарда кенг савдога чиқарилишини билдирди.

Айни пайтда, маҳаллий ва импорт дори-дармонларнинг “қора бозор”и ҳануз авжида. Ўзбекистондаги беморларнинг яқинлари ва шифокорларнинг айтишича, айнан маҳаллий “Ремдесивир” препарати 1 миллион сўмдан 1 миллион 800 минг сўмгача “қўлда” сотилмоқда.

JURABEK LABORATORIES хусусий ширкатининг вакили Азиз Соипов маҳаллий “Ремдесивир” препаратининг илк катта партияси ишлаб чиқарилиб, Соғлиқни сақлаш вазирлигига (ССВ) топширилганини билдирди.

Бу масъулга кўра, август ойида коронавирусни даволашда қўлланиладиган яна бир неча муҳим дори воситасини мамлакатда ишлаб чиқаришга даъвогар маҳаллий ва хорижий ширкатлар орасида тендер ўтказилган.

Соиповнинг айтишича, JURABEK LABORATORIES ширкати 2020 йил бошида, онкологик касалликларни даволайдиган дориларни тайёрлаш учун лиофиль қуритиш ускуналари (дорини суюк шаклда тайерлаб аввал музлатиб, сўнгра паст ҳароратда вакуум остида қуритишга мўлжалланган юқори технология - таҳр.)ни мамлакатга олиб келган.

“Ремдесивир” препарати ҳам айни ускуна ёрдамида ишлаб чиқарилгани учун ва ширкатда қисқа муддатда буни йўлга қўйиш имкони бўлгани боис тендерда ютиб чиққан.

“Энг арзон таклиф биздан бўлди ва шу сабаб, ССВ биз билан шартнома тузди. Биринчи партияни бердик. Ҳозир ҳар ҳафтада битта партия чиқаряпмиз. Ишлаб чиқариш қуввати, партия миқдорини мен прессага айтолмайман, бу бизнинг тижорий сиримиз. Октябрь охиригача ССВга буюртмасини етказиб берамиз, кейин ноябрдан дорихоналар учун чиқаришни бошлаймиз. Хомашёни ҳозирча Ҳиндистон ва Хитойдан оляпмиз”, - деди Соипов.

Ширкат вакилига кўра, дорининг илк партияси коронавирус беморлари сони кўп бўлган Тошкент шаҳри ва вилоятидаги давлат шифохоналари, беморларни қабул қилиш ва тарқатиш марказларига етказилган. Бундан ташқари, айни ширкатга тегишли битта дорихонада чекланган миқдорда 550 минг сўмдан сотилмоқда.

Айни пайтда Озодликка Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган препаратнинг “қора бозор”га чиқиб кетгани ва нархи 550 минг сўмдан 1 миллион сўмга кўтарилиб кетгани ҳақида шикоятлар келмоқда.

Жумладан, сўнгги бир ҳафта ичида ижтимоий тармоқларда қолдирилган шарҳларда ҳам бу дори воситасининг нархи “қўлда” 3 миллион сўмга чиқиб кетгани айтилади.

JURABEK LABORATORIES ширкати вакили, шундай ҳолат мавжудлиги ва улар ўз дорихонаси мисолида бунинг олдини олишга уринаётганини айтди.

“Спекулянтларнинг олдини олиш учун ҳар кун ўзим дорихонада савдони тепасида турдим. Лекин шунда ҳам кимлардир рецепт билан келиб, биздан олиб, 1 миллион 300 минг - 1 миллион 800 минг, ҳаттоки 2 миллиондан сотишга уринганини кўрдик, афсуски. Лекин кейин одамларни сарсон қилмаслик учун рецептини текшириб, керак бўлса, докторларига телефон қилиб, сотишга уриняпмиз”, - деди Азиз Соипов Озодлик билан суҳбатда.

Тошкент вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармаси тизимида ишлайдиган масъулнинг айтишича, мамлакатдаги дори воситалари “қора бозор”идаги ажиотаж "узоғи билан бир неча ҳафта ичида тўхтайди".

Унга кўра, “Нобелфармсаноат” ширкати “Фавиравир” дорисини чиқаряпти, JURABEK LABORATORIES ширкати эса “Ремдесивир”ни чиқаришни бошлаган.

"Ремдесивир" биринчи партиясида 30 минг доза чиқди. ССВ шунинг 15 мингини тарқатди, бепул. Қолгани захирада турибди ҳозир. Шу дорилар четдан чекланган миқдорда келгани учун шунақа ажиотаж кучайиб, “қора бозор” деган ваҳима пайдо бўлганди”, - деди номи ошкор этилишини истамаган расмий.

Айни пайтда унинг айтишича, “қора бозор” ваҳимаси пасайишига олиб келадиган яна бир янгили, бу – Вазирлар Маҳкамасининг 449-қарори.

Расмийнинг сўзларига кўра, ушбу қарор билан фақат COVID-19 дори воситаларини сертификациялаш шарти асосида, 2021 йилнинг 1 мартига қадар расмий қайдсиз мамлакатга олиб кириш мумкин.

Унинг таъкидлашича, аслида шу билан қайдсиз, яширинча олиб кирилаётган препаратларнинг йўли тўсилди, дори олиб келадиганлар очиқча олиб келишни бошлади.

“Дори Ўзбекистонда тўлиқ тиббий текширувдан ўтказилади, таркиби, ишлаб чиқарилиши, серияси, сифати назоратдан ўтказилади барибир. Фақат расмий рўйхатдан ўтказиш, дори қутисидаги ёзувларни таржима қилдиришга ўхшаган процедурага вақт сарфлаш вақтинча тўхтатилди. Ҳозир тадбиркорларга енгил бўлиб қолгани учун расмий йўл билан олиб келяпти дориларни. Чунки коронавирусда ишлатилаётган дорилар одатда жуда кам қўлланилади, биздагинамас, дунёдаям захираси катта бўлмаган, шунга ажиотаж катта бўлди", деди Тошкент вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармаси тизимида ишлайдиган, исмини ошкор қилмаётганимиз мулозим.

У айни пайтда, мамлакатга коронавирус дориларини ҳокимиятга яқин бир гуруҳ олиб кираётгани, бу гуруҳ "қора бозор" ва ундаги дори-дармон нархининг сунъий ошиб кетишига масъул кўрилаётганига оид иддаоларни тасдиқламади.

Вазирлар Маҳкамаси шу йилнинг 24 сентябрида «Коронавирус пандемияси даврида дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техникалар муомаласини тартибга солишга доир чора-тадбирлар тўғрисида» 2020 йил 22 июлдаги 449-сон қарорига ўзгартириш ва қўшимчалар киритишга қарор қилди.

Бу ўзгартишларга кўра, COVID-19 касаллигини даволашда қўлланиладиган қатор дори воситалари, асбоблари ва хомашёси кейинги йилнинг 1 мартига қадар мамлакатга фақат сертификациялаш шарти билан киритиладиган бўлди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги 7 октябрь куни Ўзбекистонда коронавирус беморлари етарли миқдорда бепул дори-дармонлар билан таъминланаётгани, Ўзбекистоннинг ўзида “Ремдесивир” препаратини ишлаб чиқариш йўлга қўйилиши ҳақида баёнот берганди.

“Ремдесивир” препарати айни номда дунёнинг уч давлати - АҚШ, Ҳиндистон ва Покистонда ишлаб чиқарилмоқда.

Бу дори 2015 йилда, АҚШдаги Gilead Sciences компанияси томонидан ишлаб чиқарилган ва 2020 йилнинг май ойида, дунёдаги COVID-19 пандемиясини инобатга олган ҳолда, Ҳиндистон ва Покистондаги 5 та ширкатга ишлаб чиқариш ҳуқуқи берилган.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти COVID-19 пандемияси тўхтаганини эълон қилгунича фақат шу ширкатларга дунёнинг 127 давлатида "Ремдесивир" препаратини сотиш ҳуқуқи берилган.

JURABEK LABORATORIES ширкати вакилига кўра, бу масала атрофлича ўрганилган.

У препарат хомашёсини Ўзбекистонга олиб келиб, унинг ўзини ишлаб чиқариш ҳамда сотишда "ҳеч қандай юридик зиддият йўқ"лигини айтди.

ССВ берган расмий маълумотга кўра, 14 октябрь соат 18:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 61 950 (+91) нафарни ташкил этмоқда, 2 485 бемор шифокорлар назорати остида даволанмоқда.

Аммо, мамлакатдаги мустақил манбалар ва шифокорлар, асл рақамлар бундан анча баландлиги, шу боис мамлакатда COVID-19 касаллигига чалинган беморлар аниқ сони қанчаю уларни даволаш учун зарур дори-дармонга асл эҳтиёж қандай - аниқ айтиш имконсиз, демоқдалар.

XS
SM
MD
LG