Ссылки доступа

Мирзиёев Хитой ва Жанубий Корея билан ҳамкорлик лойиҳалари ижросини танқид қилди


Жорий йилнинг 8 ойи давомида Ўзбекистон билан Хитой ўртасидаги савдо айланмаси ҳажми 4 миллиард долларга, Жанубий Корея билан 1,4 миллиард долларга етган.

Президент Шавкат Мирзиёевга кўра, бу давлатлар билан ҳамкорлик бўйича имкониятлар кўп, лекин ҳозирги натижалар етарли даражада эмас. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти Хитой ва Жанубий Корея билан ҳамкорликдаги савдо-иқтисодий, инвестициявий ва гуманитар лойиҳалар ижросини танқидий кўриб чиқиш, янги ўсиш нуқталарини белгилашга бағишланиб 14 октябрь куни ўтказилган йиғилишда билдирган.

Президент матбуот хизмати маълумотига кўра, йиғилишда Ш. Мирзиёев “Йўл хариталари” ижроси оқсаётгани, иш тизимли олиб борилмаётганини жиддий танқид қилган.

Қайд этилишича, бу йил айрим соҳаларда экспорт кўрсаткичлари пасайган. Жумладан, Хитойга ўтган саккиз ойда тўқимачилик соҳасида 42,3 фоизга, кимё ва нефть-кимё саноатида 33,1 фоизга, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етказиб беришда 18,1 фоизга камайган.

Шу даврда Жанубий Кореяга экспорт бўйича Сурхондарё, Бухоро ва Қашқадарё вилоятларида сусткашликка йўл қўйилган.

Йиғилишда тармоқ ва ҳудуд раҳбарлари экспортнинг аҳамиятини ҳанузгача чуқур тушуниб етмаётгани, уларнинг бу борадаги иш услуби бугунги кун талабига мутлақо жавоб бермаётгани кўрсатиб ўтилган.

Ҳар бир тармоқ ва ҳудуд раҳбари ўз маҳсулотларининг рақобатдошлигини ошириш, таннархини тушириш ва уларни ташқи бозорларга етказиб бериш бўйича янги, самарали таклифлар ишлаб чиқиб, бу масалалар билан доимий шуғулланиши шарт”, деган президент.

Тадбир чоғида Хитой ва Жанубий Корея Ўзбекистоннинг йирик инвесторлари бўлиб ҳисобланиши, охирги уч йилда Хитойдан 3,9 миллиард, Жанубий Кореядан 850 миллион доллар сармоялар ўзлаштирилгани, бироқ айрим инвестиция лойиҳалари ижроси кечикаётгани таъкидланган.

Йиғилишда шундай лойиҳалар тармоқ ва вилоятлар кесимида танқидий муҳокама қилинган. Муддатидан ортда қолаётган ёки тўхтаб қолган лойиҳаларни чуқур таҳлил қилган ҳолда, уларни жадаллаштириш ва ишга тушириш чоралари белгиланган.

Транспорт, соғлиқни сақлаш, маданий-гуманитар соҳалардаги лойиҳаларнинг бориши ҳам кўриб чиқилган. Хитой ва Жанубий Корея билан кенг қамровли ҳамкорликни йўлга қўйиш, янги йўналишлар топиш ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, уларнинг ижросини назорат қилиш бўйича кўрсатмалар берилган.

XS
SM
MD
LG