Вазирлик берган маълумотга кўра, 15 октябрь оқшомига COVID-19 юқтирганлар сони 10 минг 374 кишини ташкил этди. Мамлакатда коронавирус инфекциясининг 38 та янги ҳолати қайд этилди. Айни кунгача инфекция юқтирганларнинг 9 317 таси соғайди (89,8%).
Бироқ, кўплаб тожикистонликлар расмий статистикага ишонмайдилар, улар ҳақиқий рақамлар бундан бир неча баравар юқори деб ҳисоблашади.
Тожикистон коронавирус инфекциясининг мавжудлигини мамлакатда 2020 йил 30 апрелда тан олди. Мамлакатда ҳанузгача ниқоб тақиш мажбурияти давом этмоқда. Ниқоб тақмаган фуқароларга 116 дан 290 сомонийгача жарима солиниши мумкин.
Расмийларнинг таъкидлашича, июнь ойининг биринчи кунларидан бошлаб коронавирус билан касалланганлар сони камайишни бошлади. 15 июндан бошлаб Тожикистонда савдо ва кўнгилочар марказлар, бозорлар, ресторанлар, гўзаллик салонлари, меҳмонхоналар ва спорт мажмуалари очилди, мактаблар ва университетлар иш бошлади, тўйларни ўтказишга тақиқ бекор қилинди.