Ссылки доступа

Бухорода 7 ёшли қизалоқни мунтазам қийноққа солиб келган энагаларга суд “озодликдан чеклаш” жазосини қўллади


Жиноят ишлари бўйича Бухоро шаҳар суди эр-хотин энагани 7 ёшли қизалоқни тўрт ой давомида қийноққа солиб келганликда айбдор деб топди ва уларга “озодликни чеклаш жазоси”ни тайинлади.

Бу ҳақда “Дарё” нашри жиноят ишлари бўйича Бухоро шаҳар суди раиси Акбар Жабборовга таянган ҳолда хабар берди.

Маълум қилинишича, Бухоро шаҳрида яшовчи Назира (барча исмлар ўзгартирилган) 2019 йилнинг сентябрь ойида Россияга ишлаш учун кетган. У қизлари - 7 ёшли Шаҳноза ва 1 ёшли Комилани дугонаси Барно ва унинг эри Марат қарамоғига қолдириб кетади. Бунинг учун Назира уларга ойига 200 доллардан ҳақ тўлашини айтади.

Бироқ болаларнинг онасидан келишилган миқдордаги хизмат ҳақини ўз вақтида ололмагани учун энагалар 7 ёшли Шаҳнозани қасддан қийноққа солиб келган.

Марат ва Барно дастлаб вояга етмаган болаларни ура бошлаган. Кейинчалик бу уриш, тепкилаш ва камситишлар одатий ҳолга айланган.

«Эр-хотин энагалар шу қадар инсонийлик қиёфасини йўқотганки, болаларни Бухоро шаҳридаги ҳовлиларнинг бирига олиб бориб, 7 ёшли қизалоққа тазйиқ ўтказган. Уни жисмоний қийноққа солиб, қизнинг юзи, қўллари ва баданининг бошқа қисмларига қаттиқ жисмлар билан аямасдан урган. Ошхонадаги газга қошиқ ва капгирни қиздириб, қизалоқнинг юзи, қўллари ва баданига ёпиштирган. Оғриқдан бақирган қизни ёмон сўзлар билан ҳақоратлаб, унинг оғзини латта билан боғлаган ва қийноққа солишда давом этган», — деб иқтибос келтирди нашр суд раиси Акбар Жабборов сўзларидан.

Судда таъкидланишича, энага Барно жиноий ҳаракатларини давом эттириб, совуқ ҳавода қизалоқни ҳовли ўртасидаги дарахтга боғлаб қўядиган одат чиқарган. Унинг устидан совуқ сув тўкиб, томоша қилган. Қизалоқ азобларга чидолмай, бақириб йиғлаган пайтда оловда қиздирилган чойнак билан унинг билакларини, жағ соҳаси, ияги ва қулоғи атрофларини куйдирган.

Марат эса ошхона пичоғи билан қизалоқнинг қорин соҳасини кесиб, тан жароҳати етказган.

Шундан сўнг эр-хотин қизалоқни онаси яшайдиган кўп қаватли уйнинг зинапоясидан итариб юборган. Қизалоқнинг овозини эшитган қўшни қизалоқни кўриб қолиб, уни шифохонага олиб борган. Воқеадан хабар топган она бу гапларга ишонмаган, аммо қўшниси қизалоқнинг суратларини унга жўнатгач, она Россиядан уйига келган.

«Республика суд-тиббий экспертиза илмий-амалий маркази Бухоро филиали хулосасига кўра, вояга етмаган Шаҳнозага чап елка суяги пастки қисмининг тепача орқали синиши ва қўл синиши ташхиси қўйилган.

Бундан ташқари, олиб борилган суд-тергов ишлари жараёнида эр-хотин энагалар қизга нисбатан бош мия чайқалиши билан давом этган ияк, чап томон пастки жағ, юқори ва пастки лаб шиллиқ қаватларидаги шилинмалар, ўнг билак кўкрак орқа ва олд юзасидаги, чап курак, бел соҳасидаги шилинмалар, ўнг қўл кафт орқа юзасидаги куйиш кўкрак олд юзасидаги яра каби соғлиғининг бузилишига сабабчи бўлган тан жароҳатлари етказгани, вояга етмаган шахсни қийнаш жиноятини содир қилганига аниқлик киритилган»,-дейилади хабарда.

Суд эр-хотин энагаларни Жиноят кодексининг 105-моддаси 1-қисми (қасддан баданга ўртача оғир шикаст етказиш) билан айблаб, 110-модда 2-қисмининг «а» банди (қийнаш) санкцияси доирасида уларга озодликни чеклаш жазосини тайинлаган.

XS
SM
MD
LG