Ссылки доступа

Қозоғистонлик спортчиларга коронавирус туфайли чет элга чиқиш тақиқланди


Қозоғистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги мамлакатдаги эпидемиологик вазият туфайли қозоғистонлик спортчиларнинг чет элга чиқишини тақиқлади, деб хабар қилмоқда маҳаллий ОАВ.

“Дунёда касалланиш даражаси ошгани сабабли, чегарада назоратни кучайтириш мақсадида спортчиларга ўқув-машғулот йиғинларида ва мусобақаларда қатнашиш учун мамлакат ташқарисига чиқиш тақиқланади; Украина, Бирлашган Араб Амирликлари, Германия ва Белоруссия Республикасидан парвозлар сони қисқартирилди; икки томонлама халқаро юк ташишни амалга ошириш бўйича шартномаси бор давлатларнинг ҳайдовчилар учун ПЦР синовлари жорий этилди”, — дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлигининг расмий баёнотида.

Портал маълумотларига кўра, футбол бўйича Қозоғистон терма жамоаси, «Остона» баскетбол клуби ва “Барис” хоккей клуби сафарда тақвимий учрашувларни ўтказмоқда. Эҳтимол, улар бўйича алоҳида қарор қабул қилинади.

Қозоғистонда 18 октябрь ҳолатига кўра ПЦР тестининг ижобий натижаси билан 102 та коронавирус инфекцияси қайд этилди. Мамлакатда рўйхатга олинган CОВИД-19 билан касалланганларнинг умумий сони 109 508. Яна 51 беморга тест натижалари салбий бўлганлиги сабабли “COVIDга ўхшаш пневмония” ташхиси қўйилган.

Жами Қозоғистонда 35 914 киши “COVIDга ўхшаш пневмония” билан касалланган. Ушбу маълумотлар 1 августдан бошлаб рўйхатга олинган. Қозоғистон ҳукумати ЖССТ босими остида ПЦР тести салбий бўлган, аммо касаллик аломатлари CОВИД-19 га ўхшаш беморларнинг статистикасини олиб боришга келишган. Расмий статистик маълумотларнинг икки ярим ойи давомида “COVIDга ўхшаш пневмония” дан 386 киши вафот этди.

XS
SM
MD
LG