Ссылки доступа

Кейинги йили Ўзбекистонда коронавирусга қарши курашиш учун 3 трлн сўм ажратилади


Ўзбекистонда 2021 йили соғлиқни сақлаш соҳасига қарийб 20 триллион сўм (ёки $1,9 млрд.дан кўпроқ), шундан коронавирусга қарши курашиш тадбирлари учун 3 триллион сўм (тақрибан $290 миллион ) ҳамда дори-дармон харидига 1,8 триллион сўм (тақрибан $174 миллион) ажратилиши кўзда тутилган.

Бу ҳақда 19 октябрь куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 2021 йилга мўлжалланган давлат бюджети параметрлари муҳокамасига бағишланиб ўтказилган видеоселектор йиғилишида айтилган.

Президент матбуот хизмати маълумотига кўра, Ш. Мирзиёев йиғилишда келгуси йилги бюджетни режалаштиришда пандемиянинг давом этиши, жаҳондаги иқтисодий фаоллик пасайишини инобатга олиш кераклигини таъкидлаган.

Қайд этилишича, кейинги йилда илк бора онкогематологияга қарийб 90 миллиард сўм ажратилади. Шунингдек, тамаки савдосидан олинган акциз солиғининг 7 фоизи Онкогематологик ва даволаш қийин бўлган касалликларга чалинган беморларни соғломлаштиришга кўмаклашиш жамғармасига ўтказиб берилади. Шу билан бирга, келгуси йилда биринчи марта гемодиализга муҳтож касалларга тиббий хизматлар кўрсатиш қамровини 100 фоизга етказиш учун 130 миллиард сўм йўналтирилади.

Йиғилишда пандемия шароитида ижтимоий соҳага ажратиладиган харажатлар жорий йилга нисбатан камида 15 фоизга оширилиши режалаштирилаётгани урғуланган. Жумладан, кейинги йилда мактабгача таълим қамрови даражасини 70 фоизга, бунда хусусий сектор улушини 25 фоизга етказиш мақсад қилинган. Халқ таълим вазирлигига бюджетдан ажратмалар 16 фоизга оширилиши, мактабларни тезкор интернетга улаш бўйича биринчи марта бюджетдан 100 миллиард сўм, жиҳозлашга 200 миллиард сўм йўналтириш назарда тутилган.

Камбағалликни қисқартириш мақсадида ижтимоий нафақа олувчи муҳтож оилалар сони жорий йил бошига нисбатан 2 бараварга оширилиши белгиланган. Шунингдек, 2021 йилда чин етим болаларни уй-жой билан таъминлаш учун бюджетдан биринчи маротаба 30 миллиард сўм (тақрибан 2,9 миллион доллар) ажратилиши белгиланган. Мутасаддиларга бу борада янги тартиб ва рўйхатлар ишлаб чиқиш топширилган.

XS
SM
MD
LG