Ссылки доступа

Фиджида Тайванлик ва Хитойлик дипломатлар ўртасида жанжал келиб чиқди


Тайван Ташқи ишлар вазирлиги 19 октябрь куни Тинч океанининг Фиджи оролида Тайваннинг миллий байрами муносабати билан ўтказилган зиёфатда хитойлик дипломатлар ва Тайван ҳукумати расмийлари ўртасида жанжал чиққанлигини эълон қилди.

«Ташқи ишлар вазирлиги (ТИВ) Хитойнинг [Фижи Республикасидаги] элчихонаси ходимларининг қонун устуворлиги ва маданиятли хатти-ҳаракатлар меъёрларини жиддий равишда бузганини қатъиян қоралайди», — деди матбуот котиби Жоан Оу ёзма баёнотида.

Тайван ташқи ишлар вазирлигининг хабар беришича, ҳодиса 8 октябрь куни кечқурун Тайваннинг Фиджи пойтахти Сувада ваколатхонаси томонидан ўтказилган қабул пайтида юз берган.

Икки хитойлик дипломат ушбу тадбирда маҳаллий сиёсатчиларнинг борлиги тўғрисида суратга олиш ва маълумот тўплаш учун ичкарига киришга ҳаракат қилган. Зўравонлик саҳналари Тайванлик дипломатлар уларнинг киришига тўсқинлик қилмоқчи бўлганидан кейин кузатилди, дея хабар беради вазирлик. Натижада бир тайванлик дипломат бошидан жароҳат олиб касалхонага жўнатилди. Фиджи полицияси хитойлик дипломатларни қабулхонани тарк этишга мажбур қилди, дея қўшимча қилди вазирлик.

Хитойнинг Фижи Республикасидаги элчихонаси воқеа юзасидан изоҳ бермади.

1949 йилда фуқаролик уруши натижасида Тайван материк Хитойдан ажралиб чиқди ва бугунги кунда кўплаб мамлакатлар билан кенг тижорат ва норасмий алоқаларга эга, аммо атиги 15 та давлат унинг мустақиллигини тан олади. Тайван Тинч океан минтақасидаги тўртта давлат билан расмий дипломатик алоқаларга эга, Фиджи ушбу рўйхатда йўқ.

Расмий Пекин Тайванни халқаро ҳамжамиятдан ажратиб қўйиш мақсадида бошқа ҳукуматларга босимни кучайтирмоқда.

XS
SM
MD
LG