Қоракўл туманидаги мактаблардан бирида ишлайдиган ўқитувчи ўз касбий иши қолиб, уйма-уй юриб, пахта теримига одам йиғишга мажбурланаётганини айтди.
Муаллимга кўра, бу ишдан бош тортишга ҳаракат қилган ўқитувчилар ишдан ҳайдалиш, дарс соатларининг қирқилиши ва ё маошларининг бир қисми ушлаб қолиниши билан қўрқитилган.
Ишдан ҳайдалиш хавфи боис исмини очиқламаcликни сўраган бухоролик муаллимнинг айтишича, ўзи ишлайдиган мактабдан 10 дан зиёд ўқитувчи 16 октябрдан 10 кунга уйма-уй юриб, аҳолини рўйхатга олиш ишига жалб этилган.
- Директоримиз ҳаммамизни чақиртириб, вилоят ҳокимлигида йиғилиш бўлгани, шу йиғилишда халқ таълими бошқармасига шундай топшириқ берилганини айтди. Шунга ўн ўқитувчи ўн кунга ишга борма шу ишни қиляпмиз, - дейди муаллим.
Анонимлик асосида гапирган Бухоронинг Қоракўл туманидаги бошқа мактаб ўқитувчилари ҳам бу каби вазифа уларга юкланганини тасдиқладилар.
Қоракўллик мактаб ўқитувчиси бу ҳақда Озодликка шундай деди:
- Бухоро пахта теримида орқада қолаётган экан. Шунга 18 ёшдан 30 ёшгача бўлган ишсизларни рўйхатини тузяпмиз. Бизни мактабдан етти ўқитувчи чиққанмиз. Ҳар биримизга кўчалар бўлиб берилган. Тайёр бўш анкета бор, исми, паспорт рақами, ишлайдими йўқми, ногиронлиги борми йўқми, шуларни уйларга кириб тўлғиздирип юрипмиз, - дейди муаллим.
Ўқитувчиларнинг ишсиз аҳоли рўйхатини тузишга ёки коммунал тўловларни ундиришга жалб этилиши Ўзбекистонда биринчи марта бўлаётгани йўқ.
Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 10 май куни қабул қилган қарорида таълим ва соғлиқни сақлаш соҳалари ходимларини мажбурий жамоат ишларига бевосита ёки билвосита жалб қилган мансабдор шахсларга нисбатан қатъий интизомий чоралар қўлланилиши алоҳида қайд этилган.
Ўзбекистон Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори ўринбосари Саида Шавкатовна Мирзиёева шу йил 16 май куни Facebook саҳифасида қилган баёнотида ўқувчилар ва ўқитувчиларнинг мажбурий меҳнатга жалб этилишини "баркамол авлодни тарбиялашда энг кўп ташвишга солаётган беш муаммонинг бири" сифатида тилга олган эди.