Ссылки доступа

Вазирлик талабаларни аудиторияларга қайтармоқчи. Талабалар қайтмоқчи эмас


19 октябрь куни Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги анъанавий таълимга қайтиш бўйича талаба ва ота-оналар ўртасида сўров бошлади. Вазирликнинг анъанавий дарсга қайтиш режаси талабалар ва уларнинг ота-оналари норозилигига сабаб бўлмоқда.

Талабалар, агар аудиторияларга қайтилса, коронавирус юқтириш ҳолатлари кўпайишидан хавотир билдирмоқда.

Вазирлик мулозими анъанавий таълимга ўтиш режаси онлайн сўров натижасига боғлиқ эканини таъкидлади.

Талабаларни олийгоҳларга қайтариш режаси 17 октябрь куни Бош вазир ўринбосари Беҳзод Мусаев раҳбарлигида ўтган видеоселектор пайти янгради.

Йиғилишдан икки кун ўтиб, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Телеграмдаги саҳифаси орқали анъанавий таълимга ўтиш борасида онлайн сўров эълон қилди.

Сўров орқали талабалар ва ота-оналарининг анъанавий дарсга қайтиш борасидаги фикрлари ўрганилмоқда.

Сўров натижалари, унинг иштирокчиларига кўринмагани боис, талабаларни олийгоҳга қайтариш режаси қандай қўлланаётганини билиш имкони йўқ.

Талабалар анъанавий дарсга қайтиш режасига қарши эканликларини айтишди.

Тошкентдаги олийгоҳлардан бирида ўқувчи хоразмлик Нигина анъанавий таълимга пандемия тугаганидан сўнг қайтиш маъқул, деган фикрда.

«Ҳозир Тошкентга бориб, ётоқхона топиш керак. Кейин икки ой ўқиганимиздан сўнг қишки таътил бошланади. Яна оворагарчилик, яна расход. Ўзи карантин сабаб отам ишсиз қолди. Ҳозир уларнинг менга беришга ортиқча пули ҳам йўқ. Тинчгина уйда ўтириб, дарсларга онлайн қатнашганимиз маъқул. Ковид тугасин, кейин борсак яхши эди ўқишга».

Ўғли Тошкентдаги Аграр университетида ўқийдиган самарқандлик аёл эса талабалар олийгоҳларга қайтса, уларнинг коронавирус инфекциясини юқтириш эҳтимоли кўпайишидан хавотир билдирди:

“Болам ўқишига кетса, ётоқхонада бошқа болалар билан битта хонада яшайди. Ким уларнинг бир-бирига касал юқтирмаслигига кафолат беради? Шу хабарни эшитганимдан бери хавотирланяпман. Болам иккимиз Интернетга кириб, «биз қаршимиз», деб ёздик ўша сўровига. Лекин булар хоҳласа, бизнинг фикримиз кимга ҳам керак?”.

Ижтимоий тармоқларда ҳам анъанавий таълимга қайтиш режаси танқидларга сабаб бўлгани кузатилмоқда.

Жумладан, Фейсбук тармоғи фойдаланувчиси @Барногул_Санакулова талабаларни олийгоҳларга қайтариш масаласини ўз саҳифаси орқали муҳокамага қўйган:

“Илтимос реал вазиятга жиддий баҳо берилсин! Энди ёшларимиз ўртасида ўлим кўпайиши бўлсинми! Аксарият ёшларимизни оиласида жиддий моддий қийинчиликлар кузатиляпти, оилалар даромади кескин тушиб кетди пандемия сабаб, айни дамда улар учун ковид билан касалланиш ва даволаниш харажатлари «оила бюджети»га жуда оғир юк бўлиб тушиши мумкин”.

Тошкентдаги Тиббиёт академиясидан олинган хабарга кўра, ҳозирда ишчи гуруҳ талабаларни қайтариш масаласини ўрганмоқда.

Академиянинг мулозими талабаларни ҳозирча тўлиқ қайтариш имконсиз эканини ва улар босқичма-босқич қайтарилишини таъкидлади.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги матбуот котиби Фарҳод Бабашевнинг айтишича, талабаларни олийгоҳларга қайтариш режаси онлайн сўров натижаларига боғлиқ.

Айни пайтда, мамлакатда мавжуд жами 125 та ОТМ талабалари масофавий таълим олмоқда.

Вазирлик хабарига кўра, март ойида 80 минг талаба вилоятларга жўнатилган ва уларни бирданига олийгоҳларга қайтариш имконсиз, чунки аксар олийгоҳлар ётоқхоналари карантин марказларига айлантирилган.

XS
SM
MD
LG