Ссылки доступа

Қирғизистон Божхона бошқармаси бошлиғининг собиқ ўринбосари Раимбек Матраимов ҳибсга олинди


Қирғизистонда Давлат божхона хизмати раисининг собиқ ўринбосари Раимбек Матраимов ҳибсга олиниб, Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси биносига олиб кетилган. Бу ҳақда Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, Матраимов божхона органларидаги коррупция фактлари бўйича судгача бўлган процесслар доирасида ҳибсга олинган.

17 октябрь куни Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси Қирғизистон божхона органларида коррупция фактлари бўйича судгача иш юритиш бошланганлигини эълон қилди. Бошқарманинг таъкидлашича, 2016 йил бошидан буён раиснинг собиқ ўринбосари Раимбек Матраимов ва бошқа божхоначилар давлат божхона хизмати тизимида яширин даромадларни олиш учун коррупция схемасини ўрнатганлар, натижада давлат бюджети жуда катта миқдорда зарар кўрган.

Раимбек Матраимовнинг номи Қирғизистон божхона органларида амалдаги коррупция схемалари тўғрисида Озодлик радиоси қирғиз хизмати, Kloop нашри ва Коррупция ва уюшган жиноятчиликни ўрганиш маркази (OCCRP) томонидан ўтказилган бир қатор журналистик текширувларда тилга олинган.

Терговлар нашр этилгандан сўнг Раимбек Матраимов, унинг укаси, Қирғизистон парламенти депутати Искендер Матраимов, уларнинг хотинлари, шунингдек, Исмоил ота оилавий хайрия жамғармаси “Азаттйк” радиоси, журналист Али Тўхтакунов ва “Клооп” нашрига қарши даъво қўзғатди. Искендер Матраимов интервьюсида тергов материаллари уларнинг обрўсига путур этказиш мақсадида эълон қилинганлигини айтди.

XS
SM
MD
LG