Ссылки доступа

Қирғизистон: Раим Матраимов яшаш жойини тарк этмасликка оид тилхат асосида қўйиб юборилди


Бишкекнинг Биринчи май туман суди Қирғизистон Давлат божхона хизмати раисининг собиқ ўринбосари Раимбек Матраимовни турар жойини тарк этмаслик ҳақидаги тилхат асосида озод қилиб юборди.

Қайд этилишича, суднинг 20 октябрдаги қарори билан Бош прокуратуранинг тезкор-қидирув фаолияти ва тергов устидан назорат бошқармаси катта прокурори илтимосномаси қондирилган.

“Гумонланувчига судгача тергов ҳаракатлари тугагунига қадар доимий яшаш жойини тарк этмаслик тўғрисидаги тилхат шаклида эҳтиёт чораси қўлланилди”, дейилади туман суди хабарномасида.

Суд маълумотларига кўра, гумонланувчи терговчи, прокурор, суд рухсатисиз вақтинча яшаш жойини тарк этмаслик, судгача тергов юритилишига тўсқинлик қилмаслик, чақирилган пайтда айтилган муддатга етиб келиш каби мажбуриятларни зиммасига олган.

Эслатиб ўтамиз, Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси Давлат божхона қўмитасидаги коррупция фактлари бўйича 17 октябрь куни очилган судгача тергов доирасида 20 октябрь куни Раимбек Матраимов қўлга олингани ҳақида маълум қилганди. Хабарномада бу коррупцион схемаларга алоқадор 40 чоғли киши аниқлангани, уларнинг қаерда экани ва шахси маълумлиги ҳақида билдирган.

Кейинроқ МХДҚ Р. Матраимов тергов ҳисоб-китобига кўра 2 миллиард сўм (тақрибан 25 миллион АҚШ доллари) миқдоридаги давлатга етказилган зарарни шу йил ноябрь ойи охиригача қоплашга тайёрлиги, 80 миллион сўм (тақрибан 1 миллион доллар) миқдоридаги биринчи тўлов қўмита депозит ҳисоб рақамига келиб тушганини маълум қилган.

Раим Матраимов Озодлик радиосининг қирғиз хизмати, Уюшган жиноятчилик ва коррупцияни тадқиқ қилиш дастури (OCCRP) ҳамда Бишкекдаги Kloop ахборот сайти 2019 йилдан бери ҳамкорликда ўтказган журналистик суриштирувлар натижасида бир қатор коррупцион схемалар орқали ноқонуний бойиганлиги иддао қилиб келинаётган эди.

Мазкур журналистик суриштирув ортидан Қирғизистонда коррупцияга қарши кўп минг кишилик намойишлар бўлиб ўтган.

XS
SM
MD
LG