Ссылки доступа

Ғузор: Норози ишчиларга тўлаш учун икки машина пул келди. Овқат сифати яхшиланди


22 октябрь куни Enter Engineering компанияси ишчиларининг тўпланиб қолган ойлиги тўлана бошланди. Бу ҳақда Озодликка Enter Engineering ширкатидаги норозилик оқибатларини текшираëтган касаба уюшма мулозими билдирди.

Воқеа жойида туриб хабарлар юбораëтган маҳаллий журналист эса, "ширкатнинг 12 мингдан зиëд ишчисининг кейинги уч ойда тўланмаган ойлигини тўлаш учун икки машинада пул олиб келишганини" кўрганини айтди. Озодлик суҳбатлашган икки ишчи ойликларини олганлигини айтди.

Ишчилар 21 октябрь кечки овқат ва 22 октябрдаги нонушта сифати сезиларли яхшиланганини айтишди:

"Кечки овқат сергўшт ва порцияси кўп бўлди. Эрталабки нонуштага сариëғ ҳам қўшилди ва тухум сони кўпайди".

21 октябрь куни эрталаб соат 7:30да Қашқадарë вилоят, Ғузор туманида Uzbekistan GTL заводини қураëтган Enter Engineering компаниясининг минглаб ишчиси стихияли норозилик акциясига чиққан эди.

Бош прокуратура ахборот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсутдиновнинг маҳаллий матбуотга билдиришича, Ғузордаги воқеа прокуратура ходимлари томонидан ўрганилмоқда.

Қашқадарё вилояти ҳокимлиги Ахборот хизмати маълум қилишича, "22 октябрь куни Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Нозим Хусанов, Қашқадарë вилоят ҳокими Зойир Мирзаев ва вилоят сектор раҳбарлари “O’zbekiston GTL” заводи ҳудудида бўлиб, ҳар икки томонни эшитган ҳолда бўлиб ўтган воқеа тафсилотлари, ишчиларнинг норозилигига сабаб бўлган ётоқ ва овқатланиш жойларидаги шароитлар ҳамда ойлик маоши тўловлари масалаларини ўрганди".

XS
SM
MD
LG