Ссылки доступа

Гулнора Каримованинг қизи қамоқдаги онасининг аҳволи ёмонлашганини иддао қилди


Аввалги президент И. Каримовнинг тўнғич қизи, шу кунда Зангиотадаги колонияда жазо муддатини ўтаётган Гулнора Каримованинг соғлиғи сўнгги кунларда анча ёмонлашган. Бу ҳақда маҳкуманинг қизи — Имон Каримова Instagram’даги ўз саҳифаси орқали маълум қилди.

Унга кўра, онаси шу кунда ўпка шамоллаши ташхиси билан қамоқхона тиббий бўлимида ётибди.

“Унга тиббий ёрдам кўрсатилмаяпти, COVID-19 га тест топширишга рухсат беришмаяпти. Муолажа учун дори-дармон ва аппаратларни етказиб бериш ҳам тақиқланган”, деб ёзган iman.k17 буни “Ўзбекистоннинг амалдаги президенти Шавкат Мирзиёевнинг сиёсий рақиби ва ўз салафи қизидан қутилиш ҳаракати” дея иддао қилган.

48 ёшли Гулнора Каримова Ўзбекистонда давлат мол-мулкини ўзлаштириш, солиқ тўлашдан бош тортиш ва бошқа қатор иқтисодий-молиявий жиноятларда айбдор, деб топилган. Г. Каримова ва “у томонидан ташкил этилган жиноий уюшма аъзолари” устидан сўнгги суд ҳукми шу йилнинг 18 март куни чиқарилган. Ўшанда Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди Гулнора Каримовага 13 йил 4 ойлик қамоқ жазоси тайинлаган.

Тергов маълумотларида айтилишича, Гулнора Каримова 12 йил давомида 51,1 миллиард сўмлик активларга эгалик қилган уюшган гуруҳни назорат қилган. Бундан ташқари, Г. Каримова қарийб 2 миллиард доллар миқдоридаги хорижий валютани яширганликда гумонланган.

XS
SM
MD
LG