Ссылки доступа

Корхонавирус туфайли Тожикистоннинг Хўжанд шаҳрида кўнгилочар марказлар ёпилди


Хўжандда коронавирус туфайли кўнгилочар марказлар оммавий равишда ёпилмоқда. Шаҳар ҳокимияти ушбу муассасалар санитария-эпидемиология меъёрларига мос келмаслигини маълум қилди.

«Кўнгилочар марказларнинг эгалари тушунтириш ишларига қарамай, шаҳар штаб-квартирасининг коронавирусга қарши кўрсатмаларига риоя қилмадилар», дейилади Хўжанд шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати 23 октябрь куни эълон қилинган баёнотда.

Кўнгилочар марказлар эгаларининг расмийларнинг қарорига муносабати ҳозирча мавжуд эмас.

“Ҳваканта”, «Опера», «Амнезия», «Парламент», «Шоми Суғд», «Очил», «Ёсуман» ва “Барбарос” кўнгилочар марказлари жума кунидан бери ишламаяпти. Ҳокимлик қарори ижросини назорат қилиш шаҳар ички ишлар бошқармаси томонидан амалга оширилади. Расмийларнинг таъкидлашича, кўнгилочар марказлар санитария меъёрларига риоя қилинишини таъминлаш билан бирга, шаҳардаги эпидемиологик вазият барқарорлашгандан кейингина қайта ишлай олади.

Сўғд вилояти, хусусан Хўжандда коронавирус билан боғлиқ вазият қийинлигича қолмоқда, дейди мутахассислар. Яқинда Хўжанд шаҳар ҳокими Маъруф Мухаммадзода маҳаллий расмийлардан пандемияда ҳимоя стандартларига риоя этилиши устидан назоратни кучайтиришни талаб қилди. Ҳокимият барча байрам тадбирлари, айниқса тўйларни алоҳида назоратга олишга қарор қилди. Маълумотларга кўра, коронавирус билан касалланганларнинг деярли ярми инфекцияни тўйларда юқтирган.

«Агар одамлар қоидаларга риоя қилмаса, биз тўйларни тақиқлашимиз керак бўлади. Тадбир ўтказишга рухсат беришда ташкилотчилардан санитария талабларига риоя қилиш мажбуриятини олганлиги тўғрисида тилхат олиш керак», — деди Мухаммадзода.

Расмий маълумотларга кўра, Хўжаандда пандемия бошланганидан буён 4 650 та COVID-19 инфекцияси қайд этилган. Яқинда Сўғд вилояти раҳбари икки нафар юқори мартабали соғлиқни сақлаш ходимларини эгаллаб турган лавозимларидан озод қилди. Ишдан бўшатиш сабаби ҳақида ҳеч қандай хабар берилмади.

Тожикистон Соғлиқни сақлаш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги COVID-19 билан касалланган одамларнинг 40 кишига кунлик барқарор ўсишини хабар қилмоқда. 22 октябрь оқшомига кўра мамлакатда касалликни юқтирганлар сони 10 минг 653 кишини ташкил қилади. Улардан 9 минг 724 киши соғайиб кетган, 81 киши вафот этган. Бироқ, CОВИД-19 дан вафот этганларнинг қариндошлари ва дўстлари томонидан ижтимоий тармоқларда эълон қилинган маълумотлар бутунлай бошқача манзарани намойиш этади ва расмий маълумотларга шубҳа туғдиради.

COVID-19 билан боғлиқ чекловларни қисман бекор қилган бошқа мамлакатлардан фарқли ўлароқ, Тожикистон чеклов чораларининг кўпини бекор қилди. Хусусан, мактаблар, университетлар, бозорлар ва муассасалар қайта очилди. Мутахассисларнинг фикрича, таълим муассасаларининг очилиши, чартер рейсларининг ташкил этилиши ва совуқ об-ҳавонинг яқинлашиши Тожикистонда юқумли касалликларнинг қайта кўпайишига сабаб бўлмоқда. Тожикистонда мактаблар ва университетлар 17 августдан бери ишламоқда ва Россиядан ҳар куни юзлаб одамлар ушбу мамлакатга учиб келмоқда.

XS
SM
MD
LG