Журналист Бобомурод Абдуллаев ўзига нисбатан жиноят иши тугатилгани тўғрисида 23 октябрда Фейсбук тармоғидаги ўз саҳифасида ёйинланган видеомурожаатида маълум қилди.
Бобомурод Абдуллаевга кўра, 23 октябрь куни Давлат хавфсизлик хизмати катта терговчиси Мансур Эргашев маҳаллий журналистлар ва адвокат гувоҳлигида унга нисбатан шу йил 29 июнь куни очилган жиноят иши тугатилганини маълум қилган.
Шу куни Хорижга чиқиш ва миграцияни расмийлаштириш бошқармаси инспектори Ўлмасбек Собиров томонидан Абдуллаевга янги хорижга чиқиш паспорти тақдим этилган.
Бобомурод Абдуллаев 18 октябрь куни ўзига Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев томонидан Тошкент шаҳридаги Green Park турар-жой мажмуасидан янги 3 хонали квартира совға қилингани ҳақида билдирган ва бунинг учун президентга ўз миннатдорчилигини изҳор қилган эди.
Бу воқеадан бир кун ўтиб, у Давлат хавфсизлик хизмати идорасида ўзига терговчи Баҳром Каримов томонидан қамаш билан таҳдид қилинганини очиқлаган.
Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси Бобомурод Абдуллаевни шу йил 8 августида Ўзбекистон томонининг расмий сўровига биноан Бишкекда қўлга олган ва 22 август куни Ўзбекистонга топширганди.
22 август куни Тошкентда ДХХ ходимлари тарафидан саккиз соат сўроқ қилиниши ортидан Б. Абдуллаев қўйиб юборилган, бироқ унга қарши очилган жиноят иши ҳали ёпилмаган эди. Ўзбекистон куч ишлатар тузилмалари томонидан шу пайтгача журналистнинг нимада айбланаётганига расман ойдинлик киритилган эмас.
Журналистнинг ўзи Бишкекда қўлга олинган пайтда уни "Қора Мерган" тахаллуси остида ҳукуматга қарши танқидий мақолалар ёзганликда айблаётганларини таъкидлаганди. Бобомурод Абдуллаев бу айбловларни кескин рад этган.