Ссылки доступа

Тожикистонда банк инқирози шароитида янги давлат банки очилди


Тожикистон Миллий банки Саноатсодиротбанк 23 октябрда иш бошлаган янги давлат банки эканлигини маълум қилди.

24 октябрь куни янги банк раҳбарияти ўзининг Facebookдаги расмий саҳифасида «ўз фаолиятини маҳаллий тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш билан бошлашини ва бу бизнесни давом эттиришларини» таъкидладилар.

Ҳокимшо Бобозода шу йилнинг август ойида Саноатсодиротбанк Бошқаруви раиси этиб тайинланган эди. Илгари у Амонатбанкда ўз фаолиятини юритган.

Янги банк Тожикистонда беш йилдан бери банк инқирози ривожланиб бораётганига қарамай ўз фаолиятини бошлади. Бугунга қадар камида иккита банк банкрот бўлди. Шу йилнинг сентябрь ойида Халқаро валюта жамғармаси тожикистонлик ҳокимият органларига муаммога дуч келган яна иккита банкни — Тожиксодиротбанк ва Агроинвестбанкни тугатишни тавсия қилди.

Мамлакатдаги икки банк 2015 йилдан бери инқирозга учраган ва ўз мижозларининг депозитларини қайтариб беролмаяпти. 2016 йил охирида ҳукумат ушбу икки банкка 3,3 миллиард сомонийдан ортиқ молиявий ёрдам кўрсатди, аммо бу ёрдам банкротлик арафасида турган банкларни қутқара олмади.

Банк қарздорлик статистикаси деярли ҳар куни ўзгариб туради ва сўнгги ҳисоботларга кўра, фақат “Агроинвестбанк” ўз омонатчиларига 750 миллион сомоний қарздор. Ушбу икки банкнинг ўнлаб мижозлари бир неча йилдан бери омонатларини қайтариб ололмайдилар.

Расмий маълумотларга кўра, ҳозирги пайтда Тожикистонда 70 дан ортиқ кредит ташкилотлари ва 17 та банк, шу жумладан битта исломий банк мавжуд.

Ўтган йил давомида Саноатсодиротбанк лицензиясини олган учинчи банк бўлди. Аввалроқ Арванд ва Ҳумо кредит ташкилотлари банк мақомини олган эди.

XS
SM
MD
LG