Ссылки доступа

Иқтисодий тараққиёт вазирлиги гўшт нархи ошиб кетиши сабабларини очиқлади


Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги томонидан ёйинланган “Инфляция даражаси ҳақида умумий маълумот”да (2020 йил сентябрь ойи) Ўзбекистонда гўшт нархининг ошиб кетишига сабаб бўлган омилларни санаб ўтилди.

Қайд этилишича, сентябрь ойида гўшт маҳсулотларининг нархи 3,8 фоизга ошган. Қўй гўшти 5,7 фоизга, мол гўшти 5–5,4 фоиз оралиғида, қийма 4,2 фоизга, колбаса 1,8 – 1,9 фоиз оралиғида, балиқ ва балиқ консервалари ўртача 0,5 фоизга, парранда гўшти ва гўшт маҳсулотлари 0,3 фоизга қимматлаган.

Вазирлик вакилларига кўра, гўшт маҳсулотлари нархлари ўсишига асосан уч омил сабаб бўлган:

- ем-хашак базаси учун хом ашё, ҳусусан, пахта хомашёси, пўстлоқ ва ем аралашмаси захираларининг мавсумий камайиши. Бу ўз навбатида, мазкур маҳсулотларнинг биржа нархларининг мос равишда 17%, 21% ва 27%га ошишига олиб келган;

- Қозоғистон томонидан экспорт чекловлари туфайли қорамол импортини қисқариши. Мисол учун, 2020 йилнинг 8 ой натижасига кўра, мамлакатда 25 минг бош йирик ва 12,5 мин бош майда қорамол импорт қилинган. 2019 йилнинг 8 ойлик натижаларига кўра, мазкур кўрсаткичлар мос равишда 146 минг ва 258 минг бош қорамолни ташкил қилган;

- 2020 йилнинг август ойи ўрталарида карантин чекловларининг олиб ташланганидан сўнг фаолиятини тиклаган оммавий овқатланиш корхоналарининг гўшт ва гўшт маҳсулотларига бўлган талабининг ошиши.

Ҳисоботда жорий йил январь-сентябрь ойларида Ўзбекистонда 1840 минг тонна (тирик вазнда) гўшт ишлаб чиқарилгани (ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 2,2 фоизга кўпроқ), бу давр мобайнида 14 минг тонна мол гўшти ва 20 минг тонна товуқ гўшти импорт қилингани айтилган.

Мамлакатда гўшт маҳсулотлари нархининг ўсиши, ҳисобот муаллифларига кўра, нафақат ташқи омиллар, балки ички бозорлардаги тартибга солиниш механизмларининг самарасизлиги туфайли юзага келган, дейиш мумкин.

“Бу, ўз навбатида, ишлаб чиқариш даражасининг камтарона ўсишига қарамасдан, гўшт маҳсулотларини етказиб беришнинг етарли даражасини таъминлаш учун озуқа базасининг ривожланмаганлиги билан боғлиқ”, дейилади вазирлик ҳисоботида.

XS
SM
MD
LG