Ссылки доступа

Олотдаги довулдан 6 ой ўтиб тадбиркорлар президент ваъда қилган ëрдамни ололмаяпти (видео)


26 октябрь куни Озодликка мурожаат қилган олотлик тадбиркорларга кўра¸ шу йилнинг 27 апрелида рўй берган кучли довул оқибатида бутунлай вайрон бўлган юзлаб иссиқхона ҳозиргача қайта тикланмаган.

Президентнинг 28 апрель кунги фармони билан табиий офат оқибатларини бартараф этиш учун давлат бюджетидан 100 миллиард сўм ажратилган¸ айни пайтда¸ Молия вазирлигига қўшимча маблағ топиш буюрилган эди.

Талафотдан роппа-роса 6 ой ўтиб¸ миллиардлаб сўмлик давлат маблағи сарфланганига қарамай¸ Озодлик гаплашган олотлик иссиқхона эгалари ўз бизнесини қайта тиклаш учун ëрдам берилмагани¸ ëрдам пулининг талон-торож қилинганини иддао қилди.

Президент ваъда қилган ëрдам берилмаган - иссиқхоналар ишга тушмаган бир шароитда, бу тадбиркорлар банклар томонидан кредитни қайтариш ëки мол-мулкидан ажраш таҳдиди остида қолган.

Озодликка мурожаат қилган бир гуруҳ олотликлар¸ президентнинг 2018 йил июнида қабул қилинган “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури асосида иссиқхона қуриш учун кредит олган.

Улардан бири Олот туманининг Жайҳунобод МФЙдаги 4 сотихлик томорқасига иссиқхона қуриш учун “Агробанк”дан 30 миллион сўм кредит олган Феруз Чориев.

Кредит ëнига оилавий бюджетидан яна 30 миллиондан ошиқ харажат қилиб¸ иссиқхона кўтарган Чориев¸ 27 апрель куни довул оқибатида эндигина иш бошлаган иссиқхонасидан ажраган.

- Томорқамдаги 4 сотих жойга иссиқхона қилгандим. 1000 туп болгар қалампирим бор эди. Тоннасига 45 минг сўмдан шартнома қилгандим¸ ҳар теримда 45 миллион сўм топаман¸ деб турганда¸ ҳаммаси пайҳон бўлди. Иссиқхонамдаги темир трубадан тортиб котëлларимгача ëрилиб кетди. “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури бўйича 2019 йил апрелида 3 йилга 8 фоизлик имтиëзли кредит олганман. Март ойидаги карантиндан кейин кредитни тўлаш 6 ойга кечиктирилди. 2 октябрь куни “Агробанк”дан қолган фоиз ва кредит асосий қисмини шу ойдан тўлайсан¸ деган ëзма огоҳлантириш келди. Банкдан кунига телефон қилишяпти. Иссиқхонам вайронлигича ëтган бўлса¸ 6 ой бирор даромад қилмаган бўлсам¸бу кредитни қандай қайтараман, - дейди Чориев.

Олот туманининг “Давлатбой” МФЙда яшовчи Эдик Ҳусаинов ҳам 8 сотих томорқа ерига 2018-19 йилларда иссиқхона қурган. У ҳам “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури доирасида “Халқ банки”дан 60 миллион сўм кредит олган.

27 апрель кунги довулдан помидорлари энди ҳосилга кирган иссиқхонаси бутунлай барбод бўлган.

-Эккан помидоримни икки марта 100 килодан сотишга улгурдим¸ холос. Довулдан целлофанларим йиртилиб кетди¸ иситиш тизимлари¸ трубаларим ҳаммаси брак бўлди¸ металлоломга айланди. Брак бўлган трубаларни ямадик¸ етмаганини туман ҳокимлиги берди. Энди 8 сотих жойга целлофан ëпаман десам¸ камида 14 миллион фақат целлофаннинг ўзига керак. Устига тахта¸ рейка¸ лента олишим керак. Иссиқхонани юритиш учун котëл¸ кўмир олишим керак. Устанинг ҳақини тўлашим керак¸ бир сотих жойдаги иш учун ками 750 минг сўм олишади. Бунча пулим йўқлигидан¸ иссиқхонам қаровсиз ëтипти¸ -дейди Ҳусаинов.

Олотлик иссиқхоначи тадбиркорлар бу масалада ëрдам сўраб туман ҳокимидан то президент порталигача бир неча марта мурожаат қилгани¸ аммо бирор ечим топилмаëтганини таъкидлади.

- Ҳозир иккита йўл қолди – ë банк кредитни тўламади¸ деб уйимни тортиб олади ва кўчада қоламан ëки битта буйрагимни сотувга қўйиб¸ қарз тўлайман. Олотда тадбиркорга ëрдам берадиган давлат йўқ.

Чориев ва Ҳусаинов¸ Олот туманида ўз томорқасига иссиқхона қурган 1000 дан ошиқ тадбиркор борлиги ва улардан камида 300 нафари ўзлари каби иложсиз ҳолда қолганини иддао қилди.

Ҳоким ўринбосари бу тадбиркорлар вазиятидан хабари борлиги¸ уларга ëрдам бериш масаласида уринишлар бўлаëтганини билдирди.

“Бу тадбиркорлар 9 октябрь куни Жондор туманида вилоят раҳбарлари билан ўтказилган сайëр қабулда ҳам шу масалани кўтарди. Ҳоким Марказий банкка улар кредити тўловини кечиктиришни сўраб хат ëзишни буюрди. Хат ëзганмиз¸ лекин ҳали жавоби келмади”¸ деди Олот туман ҳокими ўринбосари.

Маҳаллий мулозимга кўра¸ “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури доирасида банкдан кредит олиб иссиқхона қурганлардан 339 таси иссиқхонаси умуман суғурта қилинмаган.

“Шундай бўлса ҳам¸ давлат уларнинг 320 тасига металл конструкциясини тиклашга ëрдам берди¸ суғурта компанияси 110 миллион ҳомийлик пули ажратди¸ иссиқхона эгаларига 300 мингдан 800 минг сўмгача ëрдам пули бердик”¸ деб қўшимча қилди ҳокимият вакили.

Олотлик тадбиркорлар¸ довулдан кейин туманга давлат бюджетидан ажратилган ëрдам пуллари билан амалда аҳоли ва тадбиркорга берилган ëрдам ўртасида “жарлик” борлиги ва орадаги пулнинг "ҳокимият вакиллари томонидан талон-торож қилингани"ни иддао қилди.

-Талафот оқибатларини бартараф этиш учун Олотга миллиардлаб пул берилди. Олдинига бизга одамларнинг томи¸ шифери¸ боғча-мактаблар бўлсин¸ кейин сизларга берилади¸ дейишди. Маҳалламиздаги битта боғча таъмирига 270 миллион сўм ажратилди¸ дейилди. Лекин амалдаги ишни ҳисоблаб чиқсангиз¸ 20 миллион ҳам кетмаган. Қолгани қаерда? Жавоби оддий - президент ажратган пуллар талон-тарож қилиняпти. Биз Бош прокуратурадан бу пулларнинг қандай ишлатилганини текшириш учун махсус гуруҳ юборишни¸ ўғирланган пулларнинг муҳтожларга берилиши таъминланишини сўраймиз¸ деди Эдик Ҳусаинов.

Суҳбатдошлар айни шундай сўров билан президент портали¸ Сенат ва Олий Мажлис¸ Бош прокуратурага ҳам мурожаат қилгани¸ аммо мурожаатларнинг ҳаммаси Олот туман ҳокимлигига қайтиб келаëтганини билдирди.

- Халқ мурожаатига бундай муносабат -унинг устидан кулиш. Худди аввалгидек¸ кимнинг устидан тепага шикоят ëзсангиз¸ аризангиз ўшаларнинг ўзига қайтиб тушяпти" , дейди олотлик тадбиркорлар.

2020 йилнинг 27 апрель куни Бухоро вилоятида рўй берган кучли тўфон натижасида¸ айниқса¸ Туркманистонга туташ Олот ва Қоракўл туманлари жуда катта зарар кўрди.

Воқеанинг эртасигаëқ иккала туманга бориб¸ ҳокимият вакиллари билан учрашган Шавкат Мирзиëев “ҳамма маблағни бериш¸ Олот ва Қоракўлни 10 кун ичида янгилаш”ни ваъда қилган эди.

Президент матбуот хизмати тарқатган маълумотга кўра¸ 27-28 апрель кунлари рўй берган кучли довул ва жала оқибатида Бухоро вилояти бўйича 38 мингдан зиёд аҳоли уйлари, 847 та ижтимоий соҳа объекти ва экин майдонларига зарар етган.

XS
SM
MD
LG