Ссылки доступа

Қозоғистон 300 тагача ўқувчиси бўлган мактабларни анъанавий ўқитиш форматига ўтказишга қарор қилди


Қозоғистоннинг қишлоқ жойлари ва шаҳарларидаги ўқувчилар сони 300 нафаргача бўлган мактаблар жорий ўқув йилининг иккинчи чорагидан бошлаб масофавий ўқитишдан анъанавий форматга ўтказилади.

Тегишли қарор 26 октябрда Нур-Султондаги идоралараро комиссия томонидан қабул қилинди. Асосий шартлар — ниқоб режимига риоя қилиш, дезинфекция ва ижтимоий масофани сақлаш.

Ота-оналарнинг таклифларига кўра, мактабларда 1-5 синфларда, халқаро мактабларда 7 синфгача ўқишга рухсат берилади, дейилади ҳукумат веб-сайтидаги хабарда.

Қозоғистонлик мактаб ўқувчилари ўтган ўқув йилининг сўнгги чорагида коронавирус пандемияси сабабли масофадан туриб ўқидилар. Жорий ўқув йилининг сентябрь ойида бошланган биринчи чораги ҳам худди шу форматда бошланди. Қишлоқлардаги кичик мактаблар ва бошланғич мактабларда истисно тарзида одатдаги ўқув машғулотлари жорий қилинди. Мактаб ўқувчиларининг ота-оналари болаларни масофадан ўқитишдаги қийинчиликлар, жумладан, юқори сифатли билимларни олишнинг иложи йўқлиги, ушбу форматда ўқитиш маҳоратининг етишмаслиги ва Интернет тармоғидаги узилишлар ҳақида шикоят қилмоқдалар. Расмийларнинг таъкидлашича, масофали ўқитиш тўғрисидаги қарор эпидемиологик вазият туфайли мажбуран қабул қилинган.

Қозоғистон мактабларида биринчи чорак 4 ноябрда тугайди, иккинчиси кузги таътильдан кейин 16 ноябрда бошланади.

Пойтахтда бўлиб ўтган комиссия йиғилишида март ойида ёпилган театрларга 2 ноябрдан ишлашга рухсат бериш тўғрисида қарор қабул қилинди. Уларга аудитория 30 фоизгача, лекин 100 кишидан кўп бўлмаган ҳолларда ишлаш мажбурияти қўйилди. Шу билан бирга, расмийлар айтганидек, ижтимоий масофани сақлаш, ниқоб режими ва санитария-дезинфекция режими давом этади.

Худди шу кундан бошлаб, комиссия қарорига кўра, масжидларда жамоат намозига рухсат берилади, аммо 100 кишидан ошмаган ҳолда, ниқобли режим ва санитария меъёрларига риоя қилинган ҳолда.

Ҳукумат веб-сайтидаги хабарда Саноат ва инфратузилмани ривожлантириш вазирлигига халқаро авиақатновларни амалга оширувчи авиакомпанияларга ПЦР синовлари натижалари тўғрисидаги гувоҳномаларсиз йўловчиларга самолётга чиқишни тақиқлаш тўғрисида «кўрсатма» берилганлиги айтилган.

Расмий маълумотларга кўра, Қозоғистонда лаборатория томонидан тасдиқланган юқтириш ҳолатлари сони 110 542 тани ташкил этди, бу статистик маълумотлар коронавирусга қарши тест салбий бўлган “Covidга ўхшаш пневмония” ҳолатларини акс эттирмайди. 1 августдан бошлаб Қозоғистонда, сўнгги маълумотларга кўра, касалликнинг 36 921 та ҳолати ва 394 та бундай пневмониядан ўлим қайд этилган. Соғлиқни сақлаш вазирлиги «пневмония» билан касалланиш ҳолатларини август ойидан бери кўриб чиқмоқда, аммо июнь-июль ойларида касалликнинг кўпайиши қайд этилган. Коронавирус пневмонияси билан касалланганлар ва ундан 1 августгача вафот этганлар Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотлар базасида акс эттирилмайди. Вазирлик маълумотларига кўра, мамлакатда коронавирусдан 1 825 киши вафот этган (бешта ўлим 25 октябрь, якшанба куни қайд этилган). Ушбу кўрсаткич, шунингдек, коронавирус билан биргаликда ташхис сифатида қайд этилган юзлаб ўлимларни ҳисобга олмайди.

XS
SM
MD
LG