Ссылки доступа

Наманганда меҳмонхона олдидаги Франция байроғи олиб ташланди


 28 октябрь куни Наманган марказида жойлашган Grand Sherdor меҳмонхонаси олдидаги Франция байроғининг Макрон баëнотига норозилик сифатида "йиртиб ташлангани" хабар қилинди
28 октябрь куни Наманган марказида жойлашган Grand Sherdor меҳмонхонаси олдидаги Франция байроғининг Макрон баëнотига норозилик сифатида "йиртиб ташлангани" хабар қилинди

Бу ҳақда Фейсбукда пост қолдирган наманганлик фаол¸ Франция байроғининг "норозилик белгиси сифатида йиртиб ташлангани ва Наманганда Франция байроғига ўрин йўқ”лигини ëзди.

Ушбу ҳодиса арафасида наманганлик Муҳаммад Икром исмли шахснинг Франция президенти Эммануэль Макрон ва унинг рафиқаси суратини оëқости қилаëтгани акс этган видео ижтимоий тармоқларда тарқалди.

Наманган вилоят ҳокимлиги¸ Ички ишлар бошқармаси¸ қолаверса¸ Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг Озодлик боғланган мулозимлари хориж давлати рамзларини ҳақорат қилиш кампанияси юзасидан изоҳ бермади.

Франция президенти Эммануэль Макроннинг мамлакат дунëвий қадриятларига ҳужум қилиб келаëтган террорчи ва сиëсий ислом борасида қилган баёнотлари Яқин Шарқдаги айрим давлатларда Франция ва унинг президентига қарши норозилик кампанияси бошланишига туртки бўлди.

Намангандаги Франция рамзларини ҳақорат қилиш ва ижтимоий тармоқларнинг ўзбек сегментида Францияга қарши нафрат риторикасининг кучайиши исломий давлатларда бошланган жараëнларнинг бир қисми сифатида кўрилмоқда.

28 октябрь куни наманганлик Фэйсбук фаоли Ибрат хэштеги остида қуйидаги постни қолдирди:

Ҳозир 15 дақиқа аввал шу байроқлар сафининг бошида Франция байроғи турган эди, бир акамиз байроқни тушуриб йиртиб ташладилар. Бизни Наманганимизда Франция байроғига ўрин йўқ!”.

Бу постга қатор байроқлар саф қилиб терилган темир устунлардан бирининг байроқсиз қолгани акс этган сурат ҳам илова қилинди. Пост эгаси олиб ташланган Франция байроғи ўрнига Қозоғистон байроғи тикилганини қўшимча қилди.

Айни пайтда пост эгаси Франция байроғининг айнан қайси жойдан¸ ким томонидан олиб ташланганига аниқлик киритмади.

Намангандаги энг қиммат меҳмонхона бўлган бу бутик отелнинг Озодлик боғланган бошқарувчиси 28 октябрь куни “байроқлар алмаштирилгани”ни билдирди.

Меҳмонхона бошқарувчиси "Франция байроғи ҳам борми ҳозир?"¸ деган саволга жавоб бермасдан телефонини ўчириб қўйди.

Grand Sherdor меҳмонхонасининг сайëҳлар учун тақдим этилган суратларидан отель биноси олдида кўтарилган байроқлар сафида Ўзбекистон¸ Жанубий Корея¸ Туркия¸ АҚШ¸ Буюк Британия¸ Россия ва Франция давлат рамзлари борлиги кўрилади.

Воқеадан саноқли соат ўтиб¸ “байроқнинг йиртилгани” ҳақида Фэйсбукка пост қўйган наманганлик фаол ўз постини олиб ташлади.

Унинг ўрнида қолдирилган янги постдан¸ аввалги ëзув ва суратнинг босим остида олиб ташлангани англашилади.

Франция президенти Эммануэль Макроннинг мамлакат сўз эркинлиги, шу жумладан, карикатуралардан воз кечмайди, деган баëнотлари ортидан Яқин Шарқ ва Форс кўрфази давлатларида Францияга қарши норозилик кампанияси бошланди.Макрон исломчиларни жазавага солаëтган бу баëнотларини ўқувчиларига Муҳаммад пайғамбар карикатурасини кўрсатиши ортидан 18 яшар чечен террорчиси Абдуллоҳ Анзоров томонидан ўлдирилган тарих ўқитувчисининг дафн маросимида айтди.Макроннинг сиëсий ислом – исломчилар ҳақидаги баëноти сиëсатчилар¸ хусусан¸ Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон томонидан “Исломга қарши ҳақорат” сифатида талқин қилиниши ортидан, асосан Яқин Шарқдаги айрим мамлакатларда француз маҳсулотларини бойкот қилиш бошланди.

Ҳукуматлари Ғарб билан зиддиятли муносабатда бўлган давлатларда Франция байроғини ëқиш ҳолатлари кузатилди.

Ғарбга қарши нафрат риторикаси¸ хусусан¸ пайғамбар шаънини ҳимоя қилиш учун террорга даъват этувчи чақириқлар ижтимоий тармоқлардаги ўзбек каналларида очиқча ëйинланиши ортидан¸ ўзбек сегмантида Франция¸ унинг дунëвийлик тамойилларига қарши ҳозиргача мисли кўрилмаган “ғазаб кампанияси” бошлади.

Ўзбекистон ичкарисида фаолият юритаëтган айрим диний фаоллар бу кампанияни “ор ва номус масаласи” деб атаб¸ ўзбекистонлик диндорларни унга қўшилишга даъват қилди.

Наманган вилоят ва шаҳар ИИБ расмийлари Франция давлат рамзларига қарши бошланган кампаниядан бехабарликларини билдирди.

XS
SM
MD
LG