Ссылки доступа

ИИВ ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларини турли радикал ғояларни тарқатишдан огоҳлантирди


Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларига турли радикал қарашлар тарғиботи билан шуғулланишдан тийилиш юзасидан огоҳлантирув йўллади.

Вазирлик ахборот хизмати айни кунларда ижтимоий тармоқларнинг ўзбек сегментида турли радикал, диний экстремистик ва ислом динига ёт ғояларни тарғиб қилувчи маълумотлар тарқалаётганини қайд этган.

Шу муносабат билан ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларига турли радикал, диний экстремистик ва ислом динига ёт бўлган ғояларни тарғиб қилувчи маълумотларни тайёрлаш, сақлаш ва тарқатиш Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 156-модда (Миллий, ирқий, этник ёки диний адоват қўзғатиш), 244 прим 3-модда (Диний мазмундаги материалларни қонунга хилоф равишда тайёрлаш, сақлаш, олиб кириш ёки тарқатиш) ларида белгиланган жавобгарликка тортилишига сабаб бўлиши ҳақида огоҳлантирамиз”, дейилади ИИВ хабарномасида.

Вазирлик шуларни инобатга олган ҳолда, ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларидан (журналист, блогер ва фуқаролардан) омма эътиборига ҳавола қилинаётган маълумотларни аввало қонунга хилоф эмаслигини ўрганиб чиқишни сўраган.

Хабарномада зикр этилган 156-модда бўйича қонунни бузган шахс базавий ҳисоблаш миқдорининг 600 бараваригача миқдорда жаримага тортилиши ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазосига тортилиши, 244 прим 3-модда бўйича қонунбузарликка йўл қўйган шахс эса базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 бараваридан 200 бараваригача миқдорда жарима тўлаши ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланиши мумкин.

XS
SM
MD
LG