Ссылки доступа

Қирғизистон Қозоғистондан молиявий ва техник ёрдам сўради


Ташқи ишлар вазири Руслан Казакбаев Қозоғистон томонидан Қирғизистон ССВ эҳтиёжлари учун Қирғизистон томонини дори-дармон ва шахсий ҳимоя воситалари билан беғараз равишда таъминлашда ёрдам кўрсатиш имкониятларини кўриб чиқишни илтимос қилди.

29 октябрь куни Руслан Казакбаев Нур-Султонга иш сафари доирасида қозоғистонлик ҳамкасби Мухтор Тлеуберди билан учрашди. Музокаралар чоғида икки мамлакат ташқи ишлар идоралари раҳбарлари сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ва миграция соҳаларида Қирғизистон — Қозоғистон ҳамкорлигининг кенг кун тартиби юзасидан фикр алмашдилар. Томонлар халқаро, минтақавий ва интеграцион ташкилотлар доирасидаги кўп томонлама ўзаро алоқаларнинг долзарб мавзуларини муҳокама қилдилар, шунингдек, COVID-19 пандемиясининг тарқалишига қарши биргаликда курашиш масалаларини муҳокама қилдилар.

“Мамлакатдаги ижтимоий-иқтисодий вазиятни ҳисобга олган ҳолда Руслан Казакбаев қирғиз томонига молиявий ва техник ёрдам кўрсатиш имкониятларини кўриб чиқишни илтимос қилди”, дейилади хабарда.

Қирғизистон Республикаси ва Қозоғистон Республикаси ташқи ишлар идоралари раҳбарлари юк ташувчилар учун, айниқса коронавирус пандемияси пайтида қулай шароитлар яратиш учун Қирғизистон — Қозоғистон давлат чегарасида барқарор вазиятни янада сақлаш муҳимлигини таъкидладилар. Томонлар давлат чегарасида юк ташувчи транспорт воситаларининг ўтказувчанлигини яхшилаш мақсадида навигация муҳрларини ўрнатиш бўйича пилот лойиҳани амалга оширилишини мамнуният билан қабул қилдилар.

Чегарадаги қолган тўсиқларни олиб ташлаш учун Қирғизистон томони икки мамлакат ваколатли органларига ташувчиларни давлат чегарасидан ўтиши бўйича ҳаракатларнинг ягона алгоритмини ишлаб чиқиш бўйича маслаҳатлашувлар ўтказишни таклиф қилди. Қирғизистон томони Қозоғистонга чегараолди ҳудудларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилиш, шунингдек, юкларни транзит қилиш учун қўшма савдо-логистика марказларини яратишни таклиф қилди.

Томонлар сув-энергетика соҳасидаги ўзаро ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилишга алоҳида эътибор беришди.

Учрашув якунида томонлар қирғиз-қозоқ иттифоқчилик муносабатлари ва стратегик шериклик икки қардош мамлакат халқлари манфаатлари йўлида янада мустаҳкамланиб, ривожланиб боришига ишонч билдирдилар.

XS
SM
MD
LG