Ссылки доступа

Маданият вазирлиги: Шоҳи Зиндадан кошин ўғирланиши бўйича жиноят иши очилди


Ўзбекистон Бош прокуратураси Самарқанддаги Шоҳи Зинда ёдгорлик мажмуасидан олтита кошиннинг ўғирланиши юзасидан жиноят иши очди.

Бу ҳақда маълум қилган Маданият вазирлиги вакилининг айтишича, жиноят иши вазирликнинг мурожаатидан сўнг очилган.

Ўзбекистон Бош прокуратурасига яқин мулозимнинг билдиришича, ҳозирда прокуратура терговгача суриштирув ишларини олиб бормоқда.

Матбуотга гапириш ваколати йўқлиги важидан номи ошкор этилишини истамаган мулозимга кўра, ўғирланган кошинларнинг жами сони 10 та.

"Бундан ўн йилларча илгари Шоҳи Зинда обидасида олиб борилган қурилиш-реставрация ишлари жараëнида ўғирланган. Дастлабки тергов суриштируви давомида Шоҳи Зиндадаги ложувард кошинларнинг бир қисми замонавий кафелга алмаштирилиб қўйилгани аниқланган", - деб айтди тергов жараёнига яқин мулозим.

Реставрацияда қатнашган ўзбекистонлик мутахассислардан бири эса “ўғри деб тамғалашга шошилмасдан, суд ҳукмини кутиш керак”лигини таъкидлади.

11 октябрь куни Британияда чиқадиган The Guardian нашри Британия музейи Самарқанддаги Шоҳи Зинда мажмуасидан ўғирланган олтита кошинни Ўзбекистонга қайтариши ҳақида хабар қилган эди.

Нашрнинг ёзишича, мазкур кошинлар Лондоннинг Хитроу аэропортида контрабанда маҳсулоти сифатида шу йил январь ойида мусодара этилган.

Сафар ҳужжатларида кошинлар Бирлашган Араб Амирликларининг Шаржа шаҳридан 315 дирҳамга (тақрибан 86 доллар) харид қилингани ва сотиш учун мўлжаллангани айтилади.

Кошинларни мусодара қилган Буюк Британия чегара хизмати вакиллари уларнинг ҳақиқий ёши ва қайси мамлакатга тегишли эканини аниқлаш учун Британия музейига мурожаат қилган.

Мутахассислар кошинларнинг XIII аср охирлари ва XIV аср ўрталарига оид экани ҳамда Самарқанддаги Шоҳи Зинда ёдгорлик мажмуасига тегишлилиги ҳақида хулоса берганлар.

Кошинларнинг Самарқандга оидлиги ҳақида профессор Жеймс Аллан (Оксфорд университети) профессор Роберт Хилленбранд (Эдинбург университети), профессор Чарльз Мелвилл (Кембриж университети) ва Анқарадаги Ҳожи Байрам Вели университети тадқиқотчиси, доктор Баҳор Ўздемир эксперт хулосасини берган.

Бу эксперт хулосасига самарқандлик олим доктор Анвар Отахўжаев ҳам имзо чеккан.

Исми сир қолишини сўраган ўзбек реставратори бу кошинларнинг айнан Самарқандга оидлиги илмий далилланмагани ва бу кошинлар Эрондаги ëдгорликдан қўпорилган бўлиши ҳам мумкинлигини айтади.

Аммо Британия музейи бу эхтимолни текшириш учун Эрон миллий музейи ходими Жаброил Ноканде хулосасини ҳам ўрганган. Ноканде ҳам кошинларнинг Самарқандга оидлигини айтиб, якуний хулосага имзо чеккан.

Бундан ташқари, темурийлар даврига оид дунëдаги энг катта коллекциялардан бири бўлган Россия Давлат Эрмитажи ходими Андрей Омельченко ҳам кошинлар Самарқанддаги обиданинг бир қисми эканлигини тасдиқлайди.

Бу борадаги далиллар асосида олимлар муштарак фикрга келганидан сўнг, кошинлар мусодара қилиниб, кейинчалик Ўзбекистонга репатриация қилиш учун Британия музейига топширилган.

Анқарадаги Хожи Байрам Вели университети тадқиқотчиси, доктор Бахор Ўздемир хоним Озодлик мухбири билан қисқа суҳбатда "бошқа нуфузли олимлар қаторида хулосага имзо чеккани ва кошинларнинг Самарқанд ва темурийлар даврига оидлигини" таъкидлади.

Ўзбекистон Маданият вазирлиги матбуот хизматининг билдиришича¸ темурийлар даври нафис санъатининг ëрқин намунаси бўлган бу кошинлар Ўзбекистонга қайтарилиш олдидан 2020 йил декабрь ойида Британия музейида намойиш этилади.

Ўзбекистон Маданият вазирлиги Британия музейи ходимлари ва олимларга амалга оширилган иш учун миннатдорлик билдиришини алоҳида таъкидлади.

Шу билан биргаликда, вазирлик текширув ўтказиб, кошинлар Хўжа Аҳмад мақбараси (XIV асрнинг иккинчи ярми), номаълум мақбара (1360/61) меъморий безакларига услубий яқинлигини аниқлаган.

Жорий йил 13 октябрь холатига меъморий ёдгорликлардан безак парчаларининг кошинлар билан тўлиқ мос келиши аниқланмаган.

Вазирлик вакили шу кунларда кошинларнинг маълум бир меъморий ёдгорликка тегишли эканини аниқлаш бўйича ишлар давом этаëтганини билдирди.

Узоқ йиллар Маданият вазирлигининг ëдгорликларни сақлаш тизимларида ишлаган таниқли олим, доктор Абдусафи Раҳмонов мазкур кошинларнинг Шоҳи Зинда мажмуасидан олингани 100 фоиз исботланганмаганини айтади.

Унинг фикрича, ҳозирча ҳеч кимни “ўғри” деб аташга асос йўқ ва айбдорларни суд аниқлаши лозим.

Таниқли олим 1996-2000 йилларда Шоҳи Зиндада қазишмалар олиб борилганига эътибор қаратади.

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Муродилла Алимбоев британиялик ҳамксабларидан мамнунлигини изҳор қилди.

Ўзбекистоннинг Буюк Британиядаги элчиси Саид Рустамов ҳам Британия музейи ва Британия чегара хизматига Ташқи ишлар вазирлиги расмий саҳифаси орқали миннатдорчилик билдирган.

Унинг таъкидлашича, томонлар ёдгорлик буюмларининг ноқонуний савдосига қарши курашишда ҳамкорликни давом эттиради.

The Guardian газетасида ëзилишича, сўнгги ўн йил ичида Британия музейи Ироқ, Афғонистон, Ўзбекистон ва бошқа мамлакатларга 2500 дан ортиқ буюмларни қайтаришда кўмак кўрсатган.

Озодлик 2017 йилда Британия музейи Бухородаги Чашмаи Аюб мақбарасидан ўғирланган кошинларни аниқлаш ва муваффақиятли олиб келишда ёрдам бергани ҳақида ëзган эди.

Ўзбекистон тергов органлари томонидан текширув ўтказилганидан сўнг, ушбу ўғриликда иштирок этган шахслар жазоланган.

Ҳозирда ушбу кошин Тошкентдаги Давлат санъат музейида сақланмоқда.

Ўзбeкистон Маданият вазирлиги жорий йил март ойидан бошлаб 1991 йилдан то шу кунга қадар мамлакат музейларидан ўғирлаб кетилган тасвирий санъат асарлари ва меъморий обидалар парчаларини мамлакатга қайтариш жараëнини бошлаган эди.

Вазирлик матбуот хизмати раҳбарининг 3 март куни Озодликка айтишича¸ “санъат асарларини қайтариш борасидаги халқаро механизмлар ва тузилмалар асосида вазирлик Ўзбекистондан ўғирлаб кетилган санъат асарлари реституциясини бошлаган”.

Мулозимга кўра¸ Фарғона Ўлкашунослик музейидан ўғирланиб, Лондондаги МакДугаллс аукционига қўйилган, Александр Волков 1932 йилда яратган “Жўхоризор шовқини” асарини қайтариш борасида музокара юритилган.

Шуниндек, Ўзбекистон давлат музейидан ўғирланиб, АҚШда савдога қўйилган XIX-XX асрларга оид сўзанани ҳам қайтариш жараëни бошланган.

Халқаро музейлар кенгаши ICOM (International Council of Museums) кодексига кўра¸ музейлардан ўғирланган ëки шубҳали тарзда музейни тарк этган экспонатларни бошқа музейлар сотиб олиши мумкин эмас ва экспонат ўзининг бирламчи жойига қайтарилиши лозим.

XS
SM
MD
LG