Ссылки доступа

Аҳоли сотиб олиши учун олтин қуймалар сотувга чиқарилди. Уларни хорижга олиб чиқиш мумкин


Марказий банк ўлчовли олтин қуймаларни тижорат банклари орқали сотувга чиқармоқда. Марказий банкнинг маълум қилишича, бу иш “аҳолининг инвестиция ва жамғариш имкониятларини кенгайтириш, шунингдек, қимматбаҳо металлар муомаласини ривожлантириш мақсадида” амалга оширилмоқда.

Расмий билдирувда таъкидланишича, 999,9 софликдаги олтиндан тайёрланган 5, 10, 20 ва 50 граммли қуймаларни барча вилоятлардаги банкларда сотиб олиш мумкин.

Олтин қуймаларнинг сотиш ва қайтариб сотиб олиш нархлари олтиннинг жаҳон бозоридаги нархи ва Марказий банк томонидан белгиланган маржа ёки чегирма асосида шаклланади ва ҳар куни Марказий банкнинг веб-сайтида миллий валютада эълон қилиб борилади.

Олтин қуймалар Италиянинг «Certiline Srl.» компанияси билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган махсус қадоқларда муомалага чиқарилади.

Қадоғи бут ҳолатдаги олтин қуймаларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарига олиб чиқишга рухсат берилади.

Президент сентябрда имзолаган «Қимматбаҳо металлар муомаласини тартибга солишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонда жисмоний шахслар қимматбаҳо ёмби ва тангаларни Ўзбекистондан хорижга чекловларсиз олиб чиқиши мумкинлиги қайд этилган.

XS
SM
MD
LG