Ссылки доступа

Қиш эшик қоқди: Кичик ва ўрта бизнес газдан узилди - метангазга навбат


Сергели тумани ҳокимлиги мулозими ижтимоий объектларнинг газ таъминотидан узилиб қолиши олдини олиш учун ўрта ва кичик тадбиркорлар ва метан қуйиш шохобчаларига газ етказиб бериш чекланганлигини билдирди.

Тошкент шаҳар Сергели туманидаги қандолатчилик цехи эгаси 43 яшар Рустамжон Назаровнинг айтишича, 1 ноябрь куни унинг корхонаси табиий газдан узиб қўйилган.

“Юқоридан буйруқ бор, деб акт қилиб, газимизни пломбалаб кетишди. Газдан қарзим йўқ. Пандемия пайтида шундоқ ҳам қийналаëтгандик. ”, - деди қандолатчилик корхонаси эгаси.

Сергели туман газ таъминоти идорасининг ходими нафақат тадбиркорлар¸ балки тумандаги барча ижтимоий аҳамиятга эга бўлмаган объектларнинг табиий газдан узилаëтганини маълум қилди.

Сергелидаги қандолатчи Рустамжон эса, то баҳор келгунга қадар ишни тўхтатиб туришга мажбур эканлигини айтади.

«Газ конфоркалари билан ишлайди бутун тизим. Электрга ўтказишнинг имкони йўқ. Қолаверса, электрга ҳам ишонч йўқ. Газ яна улангунча сабр қилиб турамиз. Лекин бизга ҳужжат кўрсатмади. Шундоқ келиб, газ бурайдиган жойни пломбалаб кетишди», - дейди тадбиркор.

Хоразм вилоятидаги оҳак ишлаб чиқариш корхонаси раҳбари Зарифбой газ кесилгани боис, 40 дан зиëд ишчига ойлик тўланмайдиган таътил беришга мажбур бўлганлигини айтди.

Приказ министра об ограничении подачи газа
Приказ министра об ограничении подачи газа

Ўзбекистон Энергетика вазирининг жорий йил 20 октябрдаги 143 сон буйруғига кўра, 1 ноябрдан бошлаб ижтимоий аҳамиятга эга барча корхоналар газдан узиб қўйилиши айтилган. Буйруққа биноан, қолипли нон (буханка) чиқарувчи корхоналарга истисно сифатида газ берилади.

1 ноябрь куни газдан узилган корхона эгаларининг шикоятлари ортидан Энергетика вазирлиги баëнот чиқарди.

Баëнотда «газ таъминот қувватларини ошириш мақсадида газ таъминоти корхоналари томонидан мавжуд инфратузилмани модернизация қилиш бўйича фаол иш олиб борилаётгани, бу эса истеъмолни ошириш пайтида табиий газни тенг тақсимлаш имкониятига эга эмаслиги» маълум қилинган.

Энергетика вазирлиги баëнотида «табиий газ тақсимотини мувозанатлаштириш бўйича махсус вақтинчалик чоралар туфайли уйлар, хонадонлар, мактаблар, болалар боғчалари ва шифохоналарни табиий газ билан барқарор таъминлаш имкони»яратилгани таъкидланади.

Вазирликка кўра, "газдан узиш корхоналар билан шартномада кўрсатилган ҳолат".

“Ўзбекнефтгаз” давлат ширкати расмий сайтида иддао қилинишича, миллий ҳолдинг ширкати “ишлаб чиқариш қувватлари” Ўзбекистонда йилига 60-70 миллиард куб метр табиий газ қазиб олиш" имконини беради ва Ўзбекистон газ қазиб олиш ҳажми бўйича жаҳонда 11-ўринни эгаллайди.

Ўзбек газининг хориждаги энг катта харидори Хитой ҳисобланади, йилига Ўзбекистон Хитойга 10 миллиард куб метр газ етказиб беради. Ўзбек газининг иккинчи йирик харидори Россиядир. Аммо пандемия боис, бу икки давлатга газ сотиш кўрсаткичлари камайган. Айни пайтда Ўзбекистон қиш мавсумида қўшни Тожикистон ва Қирғистонга газ экспорти ҳажмини кўпайтиради.

Кейинги 15 йилдан зиёд вақт давомида Ўзбекистонда, айниқса, қиш мавсумида табиий газ муаммоси ўткирлиги сақланиб қолмоқда. Юзлаб чекка қишлоқлар кейинги 10 йил ичида газдан бутунлай узиб қўйилди.

XS
SM
MD
LG