Ссылки доступа

Хориждан қорамол импорти 3,2 баравар, қўй ва эчки импорти эса 8,8 баравар камайди


Жорий йилнинг январь-сентябрь ойларида Ўзбекистон хориждан 50,1 миллион долларга 34 минг 488 бош қорамол сотиб олган. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 3,2 баравар (ёки 76 минг 789 бошга) камдир.

Ўтган йилнинг 9 ойи ичида четдан 92 миллион долларлик қорамол импорт қилинганди. Бу ҳақда Газета.uz нашри Давлат статистика қўмитасидан олинган маълумотларга таянган ҳолда хабар қилди.

Бу йил сотиб олинган бир бош қорамол нархи ўртача 809 доллардан бўлган (ўтган йили ўртача 788 доллар эди).

Йил бошида қорамол экспортига тақиқ қўйилганига қарамай, Қозоғистон ўтган 9 ой ичида чорванинг бу тури экспорти бўйича пешқадамликни сақлаб қололган. Жорий йил январидан бери қўшни мамлакатдан 6 минг 872 бош қорамол (ўтган йили 63 минг 580 бош эди) сотиб олинган. Қозоғистон киритган чеклов қабатида ўзбекистонликлар қорамолни Қирғизистондан кўпроқ сотиб ола бошлаганлар. Агар ўтган йилнинг январь-сентябрь ойларида бу мамлакатдан 608 бош қорамол сотиб олинган бўлса, бу йилнинг 9 ойи ичида 5 минг 870 бош қорамол импорт қилинган. Эндиликда Қирғизистон ҳам гўшт нархи ошиб кетгани важидан қорамол экспортини чеклашни режаламоқда, бироқ экспортчилар бундай қилмасликни сўраяпти.

Бу йил Ўзбекистон қорамол экспорт қилган мамлакатлар сони кўпайиб, Чехия (2260 бош), Венгрия (368 бош), Литва (161 бош) ва Тожикистон (1 бош) ҳисобига 14 тадан 18 тага чиқди.

Айни пайтда жорий йилнинг 9 ойи ичида Ўзбекистон 3,9 миллион долларга 27 минг 125 бош қўй ва эчки сотиб олган. Бу ўтган йилги кўрсаткичдан 8,8 баравар (ёки 211 минг 400 бошга) камдир. Бунда бир қўй ёки эчкининг баҳоси 80,1 доллардан 145,4 долларгача ошган.

Ўтган йилнинг январь-сентябрь ойларида импорт қилинган қўй-эчкиларнинг 96,2 фоизи Қозоғистондан сотиб олинганди. Ўшанда бу мамлакатдан 17,4 миллион долларга 229 минг 581 бош қўй-эчки харид қилинган. Бироқ бу йил қўшни ўлкадан бор-йўғи 929 бош қўй-эчки (83,8 минг долларлик) сотиб олинган.

Қозоғистон чеклови ортидан Қирғизистондан етказиб берилаётган қўй-эчки сони 4 минг 594 бошдан (2019) 24 минг 834 бошга ошган.

Қирғизистондан ташқари Ўзбекистонга йил бошидан бери Россия, Испания, Тожикистон ва Афғонистондан ҳам қўй-эчки импорт қилинган.

XS
SM
MD
LG