Ссылки доступа

Ўзгидромет баёноти ортидан президент соҳани такомиллаштириш борасида йиғилиш ўтказди


Ўзбекистон Гидрометеорология хизмати расмий баёноти ортидан президент Шавкат Мирзиёев 3 ноябрь куни гидрометеорология хизмати фаолиятини такомиллаштириш бўйича устувор вазифалар юзасидан йиғилиш ўтказди.

Йиғилишда қайд этилишича, йиллар давомида эътибор берилмагани оқибатида Ўзбекистонда бу йўналиш замондан орқада қолиб кетган. Аэрологик кузатув 1995 йилдан буён ўтказилмайди. Бу эса об-ҳаво ҳақидаги маълумотларнинг ишончлилигини пасайтиради. Халқаро стандарт бўйича Ўзбекистонда 4 мингта станция бўлиши зарур, амалда эса 335 та бор, холос.

Йиғилишда соҳада хизмат кўрсатишни босқичма-босқич тижоратлаштириш юзасидан тақдимот ўтказилди.

“Гидрометеорология марказида 100 йиллик маълумотлар сақланмоқда. Улар қоғоз шаклида бўлиб, 18 миллион варақдан иборат. Ушбу маълумотларни тўлиқ рақамлаштириш вазифаси қўйилди”,-дейилади хабарда.

Шунингдек, соҳа ходимларининг ойлик маошини ошириш ва узоқ муддатли хизмат учун устама тўлаш тизимини жорий этиш бўйича кўрсатмалар берилди.

Аввалроқ Ўзбекистон Гидрометеорология хизмати ўз сайти орқали Ўзгидрометда иш ҳақининг пастлиги соҳага малакали мутахассислар, айниқса, олий таълим муассасалари битирувчиларини жалб қилишга салбий таъсир қилаётгани, ойликларнинг озлиги сабабли етакчи мутахассислар ишдан бўшаб кетаётгани ҳақида баёнот берган эди.

XS
SM
MD
LG