Ссылки доступа

Фарғона шаҳар мулозимлари дайди итларни темир билан уриб ўлдирмоқда - ҳайвонсеварлар норози


Фарғона шаҳар Ободонлаштириш бошқармаси ҳузуридаги қаровсиз қолган ҳайвонларни тутиш бўлими ходимларининг жорий ойда ўтказган рейди давомида дайди итларни уриб ўлдираëтганидан ҳайвонсеварлар норози.

Ҳайвон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи фарғоналик фаол Татяна Рубцева инсонга тажовуз қилмаган ва қутуриш касали бўлмаган дайди итлар ушланиб, махсус жамлоқда сақланиши лозимлигини айтди.

Рубцева қаровсиз ҳайвонларнинг ўлдирилаëтгани акс этган видеотасвирларни тақдим қилди. Видеотасвирларда ўнлаб мушуклар ва итлар кичик темир қафасга солиб қўйилганини кўриш мумкин. Шунингдек, тасвирларда итларни шафқатсизларча ўлдираëтган одамлар акс этган.

Видеолавҳаларда , шуниингдек, итлар қафаснинг темир эшиги билан эзиб ўлдирилаëтгани ва пичоқ билан бўғизланаëттани ҳам акс этган.

Вазирлар Маҳкамасининг қарорига кўра дайди хайвонлар ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўлимлари тарафидан текширилиб, карантинга олиниши лозим. Карантиндан кейин ҳайвонлар махсус сақлаш жойларига олиб борилади. Бу қарорларда фақат қутурган ҳайвонларнинг ўлдирилиши ҳақида айтилган.

Фарғона шаҳар Ободонлаштириш бошқармасининг исмини айтмаган ходими атроф-муҳит ва инсонларга тажовуз қилган дайди ҳайвонлар уч хил шаклда йўқ қилиниши кўзда тутилганини айтди: отиб ўлдириш, ухлатиб қўйиш ва заҳарлаш.

Мулозим дайди итларнинг темир қафас эшиги билан эзиб ўлдирилиши "пастки бўғин ишчиларнинг ўзбошимчалиги" эканлигини тан олди. Шу билан бирга, мулозим каламуш ва бошқа зараркунандаларни йўқ қилиш учун заҳарли моддалар¸ қутурган итларни отиш учун ўқ ва патронлар¸ мушукларни ухлатиб қўйиш учун эса махсус дорилар етишмаслигидан ҳам шикоят қилди.

Мулозимга кўра¸ ветеринария идораси тақдим этган маълумотлар асосида аниқланган ит ва мушукларни эмлаш ишлари ташкил этилган бўлса ҳам, қутуриш касаллигига қарши вакцина захиралари етишмаяпти.

Ҳайвон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи фарғоналик фаол Татяна Рубцева муаммонинг яна бир қиррасига эътибор қаратди. Унга кўра¸ ободончилик ходимлари қатл қилган ҳайвонлар крематорийда куйдирилмасдан ëки махсус гўрга кўмилмасдан, кўча-кўйга ташлаб кетилмоқда.

Рубцева тақдим қилган фотосуратларда кўча ва болалар ўйнайдиган майдонларда ўнлаб ит ва мушук жасадлари ëтгани акс этган.

Фарғоналик ҳайвонсеварлар шаҳарда ҳайвонлар учун крематорий йўқлигини айтишди.

Фарғона шаҳар ободонлаштириш бошқармасига қарашли “дайди ҳайвонларни тутиш отрядининг ходими ҳам дайди ҳайвон жасадларини ëқиш учун муфель печ ëки крематорий мавжуд эмаслигини айтди.

XS
SM
MD
LG