Тачи ўз истеъфосини Приштинада уюштирилган матбуот анжуманида эълон қилди. У ўз ўрнида барча айбловларни рад этади. Аввалроқ сиёсатчи прокуратура талаб қилган ҳолда, истеъфога чиқишга ваъда берган эди.
Эндиликда президент вазифасини бажариш парламент раҳбарига ўтиши кутилмоқда.
Кеча Приштинада Европа Иттифоқининг қонун устуворлигини таъминлаш бўйича миссияси хавфсизлик кучлари ёрдамида Косово парламентининг собиқ спикери Якуп Красничи Гаага махсус прокуратураси илтимосига биноан ҳибсга олинди.
Гаага шаҳридаги махсус прокуратура Тачига, Косова парламентининг собиқ раиси Кадри Весели ва бошқа бир қатор шахсларга қарши айбловларни жорий йилнинг июнь ойида эълон қилди. Улар 100 га яқин одамни ўлдиришда, шунингдек қуролли тўқнашув пайтида ёки тугаганидан кейин одамларни ўғирлаш, таъқиб қилиш ва қийноққа солишда айбланмоқда. Терговнинг таъкидлашича, жиноятлар қурбонлари турли этник гуруҳларнинг вакиллари, шу жумладан косовалик албанлар, серблар ва лўлилар. Қурбонлар рўйхатига сиёсий рақиблар ҳам киритилган.
Тачи ва Весели 1990 йилларнинг охирида Югославиядан мустақилликка эришиш учун ҳарбий усуллардан фойдаланган косовалик албанларнинг ҳарбийлашган гуруҳи — Косово озодлик армияси раҳбариятининг бир қисми эди. Сербия полицияси ва Югославия армиясининг исён кўтарган провинциядаги операциялари инсон ҳуқуқларини оммавий равишда бузилиши билан бирга олиб борилди. 1999 йил баҳорида НАТО кучлари можарога аралашгандан сўнг, Белград Косово ҳудуди устидан назоратни йўқотди ва минтақага халқаро тинчликпарвар контингенти олиб келинди. 2008 йилда Косово мустақиллигини эълон қилди ва уни жаҳон ҳамжамиятининг 60 фоизга яқини тан олди. Сербиядан ташқари, Косовонинг мустақиллигини Россия, Хитой ва Европа Иттифоқининг қатор мамлакатлари, хусусан Испания ва Словакия тан олмайди.
Яқинда Косово ва Сербия Қўшма Штатлар воситачилиги билан Белград томонидан мустақилликни расмий равишда тан олмасдан, савдо-иқтисодий муносабатларни нормаллаштиришга келишиб олдилар.
Тачига қўйилган айбловлар 2015 йилда Голландияда тузилган, аммо расмий равишда Косово ҳуқуқий тизимининг бир қисми бўлган Косово бўйича махсус халқаро суд томонидан кўриб чиқилади. Бунга бир неча йил олдин эълон қилинган Европа Кенгашининг Парламент Ассамблеяси ҳисоботи сабаб бўлган. Унда 1990 йилларнинг охири ва 2000 йилларнинг бошларида Косово озодлик армиясининг аъзолари гиёҳванд моддалар савдоси, одам ўғирлаш ва қотиллик каби оғир жиноятлар билан шуғулланганлиги таъкидланган.