Ссылки доступа

Ўзбек курашини олимпия ўйинлари дастурига киритиш режалаштирилди


Ўзбекистон ҳукумати кураш миллий спорт турини 2028 йилгача Халқаро олимпия ўйинлари дастурига киритилишига эришмоқчи. Бу ҳақда Адлия вазирлиги маълум қилди.

Вазирликнинг билдиришича, ўзбек курашини ривожлантириш бўйича 4 ноябрда президент Шавкат Мирзиёевнинг ПҚ–4881 қарори қабул қилинган.

Қарор билан курашни 2025 йилгача янги босқичга олиб чиқиш концепцияси тасдқиланди. Концепцияда, жумладан, 2028 йилда курашнинг Халқаро олимпия ўйинлари дастурига киришига эришиш кўзда тутилган.

Бундан ташқари қарорга асосан 2021 йилдан бошлаб ҳар икки йилда бир марта кураш бўйича олий таълим муассасалари талабалари ўртасида халқаро мусобақа ва хорижий давлатларда Ўзбекистон президенти соврини учун халқаро турнирлар ўтказилади.

2020 йилдан ҳар йили бир марта давлат органлари, муассасалари ва ташкилотлари ходимлари ўртасида “Ўзбек полвони” республика мусобақаси ўтказилади.

Шунингдек, 2021–2025 йиллар оралиғида кураш маҳорат мактаблари босқичма-босқич ташкил этилади.

2021/2022 ўқув йилидан Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети, мактаб-интернатлари ва спорт мактабларида кураш бўйича ўқишга қабул қилишнинг давлат буюртмаси параметрлари 2 бараварга оширилади.

XS
SM
MD
LG