Ссылки доступа

Чет элда ишловчи ўзбек ватандошлари ҳам энди солиқ тўлайди


Чет элда яшовчи ўзбек ватандошлари ўз-ўзини банд қилган шахс сифатида рўйхатга олинади ва белгиланган тартибда солиқ тўлайди.

Ўзбекистон президентининг 2021 йил 1 январидан кучга кирадиган “Хавфсиз, тартибли ва қонуний меҳнат миграцияси тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида бу ҳақда сўз боради.

“2021 йил 1 январдан бошлаб ташкиллаштирилган ҳолда хорижда меҳнат фаолиятини амалга ошириш – ўзини ўзи банд қилган шахслар шуғулланиши мумкин бўлган фаолият турларига тенглаштирилади ҳамда ушбу шахсларга ўзини ўзи банд қилганлари учун белгиланган солиқларни тўлаш ҳамда пенсия миқдорини ҳисоблаш тартиби қўлланилади”, дейилган президент қарорида.

Қарорда, шунингдек, бўлажак мигрантларнинг оила аъзолари кам таъминланган оила сифатида рўйхатга олиниб, хорижга чиқиб кетиши учун микроқарзлар берилиши ҳақда айтилган.

Шунингдек, йўл пули ва дастлабки харажатларни қоплаш учун бериладиган микроқарзлар 10 млн сўмгача бир йил муддатга паст фоиз ставкасида (14-21 фоиз) берилиши кўзда тутилган.

Президент қарорида, шунингдек, чет давлатларда мураккаб молиявий аҳволга тушган 10 мингга яқин фуқароларга 446 минг сўмдан (40 доллар) бир марталик моддий ёрдам кўрсатилиши, ушбу мақсадларга 4,1 млрд сўм маблағ ажратилиши ҳам айтилган.

Меҳнат миграциясидан қайтиб келган шахсларни бандлиги таъминланади, касбий малакаси оширилади ва тадбиркорлик ташаббуслари рағбатлантирилади, дейилади қарорда.

Меҳнат муҳожирлари четдан юборадиган маблағлар Ўзбекистон иқтисодида катта улушга эга.

Ўзбекистон Марказий банки маълумотига кўра, шу йилнинг 9 ойида халқаро пул ўтказмалари орқали мамлакатга келиб тушган валюта ҳажми 4,3 млрд долларни ташкил этган.

Сентябр ойининг ўзида ташқаридан 638 миллион доллар келган ва бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 8 фоизга кўпдир, дейилади банк маълумотида.

XS
SM
MD
LG