Ссылки доступа

Шорнакдаги можаро билан боғлиқ учта ҳукм қабул қилинди


Туркистон вилоятининг Кентау шаҳар суди 2020 йил июль ойида қозоқлар ва ўзбеклар яшайдиган Шорнак қишлоқ округининг Космезгил қишлоғидаги можаро билан боғлиқ уч кишига нисбатан ҳукм чиқарди. Бу ҳақда 6 ноябрь куни Кентау туман суди судьяси Оқилбек Дауренбеков маълум қилди.

Судьянинг сўзларига кўра, иш иккига бўлинган. Биринчи иш бўйича ҳукм сентябрь ойида — айбланувчи Мади Кордабайга қарши чиқарилди. У Жиноят кодексининг «Мансабдор шахсга нисбатан зўравонлик» (380-модда) моддаси билан айбдор деб топилиб, бир ярим йилга озодликдан маҳрум этилди. Безорилик билан боғлиқ айбловлар (293-модда) томонларнинг ярашуви туфайли бекор қилинди.

Тўққиз киши судланган иккинчи ҳукм 28 октябрда эълон қилинди. Етти шахсга нисбатан суд процесси томонларнинг ярашуви туфайли тугатилди. Космезгил қишлоғида яшовчи Ифтихор Жумадуллаев «Безорилик» (293-модда) моддаси билан уч ярим йилга ва «Қасддан баданга оғир шикаст етказиш» моддаси (106-модда) билан олти йилга озодликдан маҳрум этилди.

Ифтихор Жумадуллаев билан бирга унинг укаси Мадамин Жумадуллаев ҳам «безорилик» да айбдор деб топилиб, уч ярим йилга озодликдан маҳрум этилди.

Судьянинг сўзларига кўра, Жиноят кодексининг 63-моддаси Кордабай ва Жумадуллаевга нисбатан қўлланилган (у шартли жазони назарда тутади) ва қамоқ муддати шартли жазо билан алмаштирилди.

Судья, шунингдек, ака-ука Жумадуллаевлар ўз айбларини тан олганликлари ва суд харажатларини тўлаганликларини айтдилар.

Яна олти киши — Алмас Толбасиев, Ералй Турсинхон, Мади Ахмедиёр, Мусабек Мурат, Дуйбек Оразхон ва Урал Нурдаулет — «безорилик» (293-модда) ва «қасддан баданга ўртача даражада шикаст етказиш» (107-модда) да айбланмоқда. Улар жабрланганлар билан сулҳ тузиб, воситачилик шартномаларини туздилар.

21 июль куни Шорнак қишлоқ округининг Космезгил қишлоғида қозоқ ва ўзбек ёшлари ўртасида жанжал келиб чиқди. Жанг Алмас Толбасиев ва Ифтихор Жумадуллаев ўртасидаги зиддиятдан сўнг бошланди. Унда ўндан ортиқ киши иштирок этди.

Расмийлар бу ҳодисани «миллатчиликсиз, оилавий можаро» деб таърифлаган.

XS
SM
MD
LG