Ссылки доступа

Хорижда ишлаётган ўзбек ватандошлари солиқ тўлаши шартлиги тўғрисидаги хабар инкор қилинди


Адлия вазирлиги чет элда яшовчи ўзбек ватандошлари ўз-ўзини банд қилган шахс сифатида рўйхатга олиниши ортидан белгиланган тартибда солиқ тўлаши тўғрисидаги хабарларни инкор қилди.

“Ўзини ўзи банд қилган шахслар даромад солиғи тўламайди, ижтимоий солиқни эса пенсия олиш учун иш стажига эҳтиёж сезсагина тўлайди”,-дейилади расмий билдирувда.

Президентнинг “Хавфсиз, тартибли ва қонуний меҳнат миграцияси тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан 2021 йил 1 январдан бошлаб хорижда вақтинча ишлаётган одамлар ўзини ўзи банд қилган шахсларга тенглаштирилади.

Бу маълумот тарқалиши ортидан ижтимоий тармоқларда хорижда ишлаётган ўзбекистонликлар ҳам солиқ тўлашга мажбур бўлишлари тўғрисидаги хабарлар пайдо бўлган эди.

“Солиқ кодексининг 369-моддасига мувофиқ ўзини ўзи банд қилган шахслар жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғидан озод этилади. Ўзини ўзи банд қилган шахслар ўзига пенсия ҳисобланиши ва иш стажига эга бўлиши учун Пенсия жамғармасига ихтиёрий равишда ижтимоий солиқ тўлаши мумкин, бу 2020 йил учун камида БҲМнинг 50 фоизи ҳажмида (111 минг 500 сўм) белгиланган”,-дейилади Адлия вазирлиги билдирувида.

XS
SM
MD
LG