Ссылки доступа

Мирзиёев ШҲТга аъзо мамлакатлар раҳбарларининг онлайн саммитида иштирок этади


Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 10 ноябрь куни Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарлари кенгашининг видеоанжуман шаклида ўтадиган мажлисида иштирок этади.

Президент матбуот хизмати маълумотига кўра, учрашув кун тартибидан янги глобал хатар ва таҳдидларнинг кучайиши шароитида ШҲТ доирасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш масалалари ўрин олган.

Ташкилотга аъзо ва кузатувчи давлатлар делегацияларининг раҳбарлари устувор йўналишларда кўп томонлама муносабатларнинг бугунги ҳолатини таҳлил қилиб, уларни ривожлантириш истиқболларини муҳокама қиладилар, шунингдек, халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан фикр алмашадилар”, дейилади хабарномада.

Саммит иштирокчиларига БМТ бош котиби Антониу Гутерришнинг ҳам видеомурожаат йўллаши кутиляпти.

Мажлис якунида ШҲТ доирасида хавфсизликни таъминлаш, иқтисодий кооперация, рақамли технологияларни жорий этиш, қишлоқ ҳудудларни ривожлантириш, эпидемияларга қарши самарали курашиш ва бошқа соҳалардаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган Москва декларацияси ва ҳужжатлар тўпламининг қабул қилиниши режаланган.

ШҲТ 2001 йил июнь ойида Россия, Хитой, Тожикистон, Ўзбекистон, Қирғизистон ва Қозоғистон иштирокида тузилган. 2017 йили ШҲТга Ҳиндистон ва Покистон тўлақонли аъзо сифатида қўшилган.

XS
SM
MD
LG