Ссылки доступа

Археологик ëдгорликлардан ғишт ясаб сотилаётган Қашқадарë тарихий тепаликлардан жудо бўлмоқда


Холм «Довзатепа» в Яккабагском районе Кашкадарьинской области.
Холм «Довзатепа» в Яккабагском районе Кашкадарьинской области.

Қашқадарëнинг Яккабоғ туманидаги дунë археологлари тарафидан мунтазам ўрганиб келинган еттита қадимий тепалик йўқ бўлиб кетиш арафасида. Маҳаллий аҳоли тепаликларга уй қуриб олган.

Тадбиркорлар тепалик тупроқларини экскаваторлар билан қазиб олиб, ғишт қуймоқда. Маданият вазирлиги эса, Озодликка " тепаликларни сақлаш учун" тафтишчи жўнатилганини билдирди.

Ўзбекистон Фанлар Академияси Археология институти Яккабоғ экспедицияси томонидан ўрганилиб, мамлакат тарихига оид ноëб ëдгорлик сифатида қайд қилинган Оқтоштепа¸ Сандалтепа¸ Хабартепа¸ Довзатепа ва Киндиктепа ëдгорликлари ғишт заводи учун хомашë сифатида вайрон қилинган.

Бу ҳақда Озодликка Республика «Маънавият ва маърифат» маркази ҳузуридаги «Олтин мерос» халқаро хайрия жамғармаси рахбари Амирқул Карим маълум қилди.

Жорий ҳафтада Яккабоғдаги ëдгорликларни бориб кўрган Озодлик мобил мухбири Киндиктепа ва Довзатепа ëдгорликлари ғишт қилиб қуйилаëтганини ўз кўзи билан кўрди.

Ўзбекистон Маданият вазирлиги матбуот хизмати Озодликка тақдим қилган маълумотномада Яккабоғдаги барча ëдгорликлар эмас, балки аксар обидалар вайрон қилингани эътироф этилади.

«Тўғри, кўплаб моддий маданий мерос объектларига зарар етказилган. Бугунги кунда бундай ҳолатларни бартараф этиш мақсадида ҳуқуқ-тарғибот органлари билан биргаликдаги ишларимиз изчиллик билан давом этмоқда. Айни кунларда Қашқадарё вилоятининг барча туманларида ҳуқуқ-тарғибот органлари билан биргаликда барча моддий маданий мерос объектларининг аҳволи ўрганиб чиқилмоқда."

Озодлик мобил мухбири ва сафар давомида унга ҳамроҳлик қилган мунаққид ва меъмор Абдумалик Турдиевнинг айтишича, Яккабоғдаги ëдгорликларга тўрт хил тарзда зиëн етказилган:

  • Археологик ëдгорлик сифатида давлат рўйхатига олинган ерда экин-тикин қилинмоқда.
  • Қадимий тепалик ëнига ғишт цехи қуриб, археологик ëдгорликдан хомашë сифатида фойдаланилмоқда.
  • Қадимий ëдгорлик текисланиб, устидан йўл ўтказилган.
  • Ëдгорлик жойлашган худуддан одамларга уй қуриш учун участка берилган.

Шундай обидалардан бири Яккабоғнинг «Оқтош» қишлоғида жойлашган. 160х140 метр майдондаги бу тепалик бўйи 13 метрга тенг. Маданий мерос объекти сифатида UZ-Kash-Yak-156 рақами билан рўйхатга олинган. Ëдгорликдан VI асрга оид осори атиқалар топилган. Айни кунларда тепалик ҳимоя худудида одамлар қонунга зид равишда уй қуриб яшамоқда.

Сақлаб қолиниши қонунга кўра шарт бўлган тарихий тепаликлардан бири Яккабоғ туманидаги “Довзатепа” ëдгорлигидир. Ëдгорлик ўлароқ uz-Kash-yak-066 рақами билан рўйхатга олинган. V асрга оид қадимий ëдгорлик. Кейинги 4 йил ичида маҳаллий ҳокимият тепалик атрофидан хусусий уйлар қуриш учун 40 дан зиёд участка ажратиб берди.

Махаллий аҳоли вакилига кўра¸ “тепалик атрофидаги ер бўлиб берилаётганда, Маданий мерос инспекцияси бу ерлар маданий мерос объекти эмаслиги ҳақида хулоса берган. “

Ҳужжатларда Яккабоғ туман ҳокимининг 2018 йил 21 октябрдаги Х-2261/10 рақамли қарори асосида “Юқори сифатли инновацион қурилиш” МЧЖга тепалик ёнидаги ер ғишт заводи учун фойдаланишга ажратилгани акс этган.

Айни вилоятдаги Шаҳрисабз тарихий эски шаҳар қисмининг ҳаддан зиëд реставрация қилингани ва замонавий қурилишлар боис ўз меъморий қийматини йўқотгани ортидан ЮНЕСКО Маданий мерослари рўйхатидаги мавқейи пасайтирилган эди.

XS
SM
MD
LG