Ссылки доступа

Хориж олийгоҳлари талабалари Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги биноси ёнида митинг ўтказди


Коронавирус пандемияси сабабли Тожикистонни тарк эта олмайдиган чет эл университетларининг 20 га яқин тожикистонлик талабалари 9 ноябрь куни мамлакат ТИВ биносига йиғилдилар. Улар расмийларга Россияга ва бошқа мамлакатларга ўқиш учун боришга ёрдам беришларини сўраб мурожаат қилишди.

Баъзи талабалар «Озоди» радиосига Тожикистонда Интернет тезлиги пастлиги ва электр таъминотидаги узилишлар сабабли масофавий ўқитишдаги қийинчиликлар ҳақида маълум қилишди.

Ташқи ишлар вазирлиги расмийлари талабалар билан суҳбатлашди ва Россия ҳукумати тожикистонлик талабаларнинг Россияга ўқишга кириш учун рухсат олишларида тожик расмийларининг ёрдамига оид илтимосига ҳали жавоб бермаганлигини айтди. «Агар жавоб ижобий бўлса, биз дарҳол бу ҳақда сизга хабар берамиз. Бу масала Россия томонида кўриб чиқилиш жараёнида», деди дипломатлардан бири.

Айни пайтда бинода бўлган «Озоди» радиоси ва “Азиа-Плюс” ахборот агентлиги журналистлари чақирилди. ТИВ вакиллари журналистлар чет эллик талабаларнинг эҳтимолий митинги тўғрисида уларга хабар бермаганларидан, шунингдек, Ташқи ишлар вазирлиги биноси бўлган «хавфсизлик иншооти»нинг ҳовлисида видеотасвирга олишганидан норозилигини билдирди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ коронавирус юқиши сабабли дарсларга қатнай олмаётган чет эл университетларининг тожикистонлик талабалари мамлакатдаги масофавий ўқитиш шартларидан хавотир билдиришган эди. Интернетнинг паст тезлиги, юқори нархлар ва электр таъминотидаги узилишлар, улар масофавий таълимга тўсқинлик қилаётганини айтишади.

Тожикистон расмийлари ёшларнинг даъволарини рад этишмоқда. Тожикистон ҳукумати алоқа хизмати раҳбарининг ўринбосари Илҳомжон Атоевнинг айтишича, мамлакатда Интернет тезлиги бир неча йил аввалгига нисбатан яхшиланган. Унинг сўзларига кўра, “кўплаб минтақаларда 3Г дан 4Г га ўтиш жараёни амалга оширилмоқда ва Интернет сифати яхшиланди”.

Расмий маълумотларга кўра, бу йил Россия тожикистонлик абитуриентларга 630 та стипендия ёки квота ажратди. Тожикистон Таълим ва фан вазирлиги Россия олий ўқув юртлари талабаларининг умумий сони қарийб 26 минг кишини ташкил этганлигини хабар қилмоқда. Умуман олганда дунёнинг 30 мамлакатидаги тожикистонлик талабаларнинг умумий сони 34 минг кишидан ошади.

Тожикистонлик талабаларнинг аксарияти бешта мамлакатда — Россия, Хитой, Белоруссия, Қозоғистон ва Қирғизистонда таҳсил олишади.

Март ойида коронавирус пандемияси сабабли Тожикистон ва бошқа мамлакатлар ўртасида мунтазам парвозлар тўхтатилган эди. Хорижий олий ўқув юртлари талабалари бу ҳолат анчадан бери яхшиланмаётгани ва шу сабабли ўқув дастурини ўзлаштиришдаги қийинчиликлар кўпайиб бораётганидан шикоят қилмоқдалар.

XS
SM
MD
LG